Аҳоли саломатлигини асраш – муҳим вазифа
Фарғона вилояти Бешариқ туманида 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 1 та қишлоқ врачлик пункти аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Ўтган йилларда туман марказида замонавий тиббиёт мажмуаси барпо этилди. Қишлоқларда ҳам тиббиёт масканлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Нурафшон қишлоғидаги 14-қишлоқ оилавий поликлиникаси яқинда қайта таъмирдан чиқарилиб, аҳоли хизматига топширилди. 18 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган мазкур тиббиёт муассаса зарур тиббий асбоб-ускуна, анжомлар билан жиҳозланган.
– Поликлиникамиз туну кун аҳоли хизматида, - дейди мазкур қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Мирзаакбар Пўлатов. – Жарроҳ, педиатр, акушер-гинеколог, стоматолог, умумий амалиёт шифокори, ультратовуш текшируви мутахассиси беморларни қабул қилмоқда. Пандемия даврида аҳоли саломатлигини асраш муҳим вазифага айланганлигини яхши ҳис қилган ҳолда соғлом турмуш тарзи тарғиботига ҳам муҳим эътибор қаратганмиз.


