“Аҳоли саломатлиги ойлиги” давом этмоқда
Сирдарё вилоятидаги манзил- колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун “Аҳоли саломатлиги ойлиги” доирасида тиббий кўрик ташкил этилди.
Шартнома асосида ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилган маҳкумлар Гулистон шаҳридаги Кўп тармоқли марказий поликлиника шифокорлари томонидан тўлиқ профилактик кўрикдан ўтказилди. Текширув натижаларига асосан ҳар бир маҳкумга индивидуал тиббий тавсиялар берилди.
Шунингдек, колонияда маҳкумларнинг яқин қариндошлари билан учрашув ташкил этилди. Унда тарбиявий ишлар бўлинмаси катта инспектор-ижтимоий ходими томонидан муассасада олиб борилаётган тарбиявий ишлар, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида кенг маълумотлар тақдим этилди.
Мулоқот давомида маҳкумларнинг қариндошлари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича ва тушунарли жавоблар олишди.
Бундай тадбирлар маҳкумларнинг жисмоний ва маънавий ҳолатини яхшилаш, соғлиғини назорат қилиш, шунингдек, оилавий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири