Аҳоли мурожаатлари қонуний ечим топмоқда
Фуқароларнинг мурожаатларини яшаб турган ҳудуднинг ўзида ўрганиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларга тезкор ва қонуний ечим топиш мақсадида Сирдарё вилоятида сайёр қабуллар изчил ташкил этилмоқда.
Навбатдаги сайёр қабул Сирдарё туманининг Исломобод маҳалласида ўтказилди. Унда Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи Иномжон Қудратов ҳамда Сирдарё вилояти Божхона бошқармаси бошлиғи Нодирбек Салимжонов иштирок этиб, фуқароларнинг мурожаатларини тинглади.

Қабул давомида аҳолини қийнаб келаётган уй-жой, ижтимоий ҳимоя, фуқаролик ҳолати далолатномаларини расмийлаштириш, мулкий муносабатлар, тадбиркорлик ва қурилиш соҳасига оид масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Жумладан, “Дархон” кўчасида яшовчи Раҳмон Маматқулов уй-жой билан боғлиқ масала юзасидан, “Ёшлик” кўчаси истиқоматчиси Абдусаттор Холмуродова набирасига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштириш, Дилрабо Асқаралиева эса бола нафақасини тайинлаш масаласида мурожаат қилди.

Шунингдек, тадбиркор Анвар Абдуқодировнинг қўшимча қурилишга оид мурожаати масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида муҳокама қилиниб, уни қонуний ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди. Зуҳра Эргашевага эса ҳадя шартномасини расмийлаштириш ҳамда мулкий ҳуқуқларга оид масалалар юзасидан батафсил ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Сайёр қабул давомида жами 20 дан ортиқ мурожаат қабул қилинди. Уларнинг 5 таси жойида ижобий ҳал этилди. 10 та мурожаат бўйича фуқароларга амалдаги қонунчилик талаблари асосида ҳуқуқий тушунтириш ва тавсиялар берилди. Қўшимча ўрганишни талаб этувчи 6 та мурожаат эса белгиланган тартибда иш юритувга олиниб, ижроси назоратга қўйилди.

Таъкидланганидек, бундай сайёр қабуллар давлат идоралари билан аҳоли ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ортиқча оворагарчиликсиз ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сайёр қабул якунланганидан сўнг Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи Иномжон Қудратов маҳалла нуронийси, ички ишлар органлари фахрийси Эргаш Абдуқодиров хонадонига ташриф буюрди. Ташриф чоғида хонадонда ташкил этилган мўъжаз музей билан танишилди. Суҳбат давомида юртимизда инсон қадрини улуғлаш, кексаларни эъзозлаш ва фахрийларнинг ҳаётий тажрибасини ёш авлод тарбиясида самарали қўллашга қаратилган ислоҳотлар хусусида фикр алмашилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири