Аҳоли мурожаатлари эътиборда
Шу кунларда ҳудудлар бўйлаб мунтазам ўтказилаётган сайёр қабуллар ва аҳолининг турфа қатламлари билан тизимли мулоқотлар одамларни тинглаш, муаммоларини тезкор ҳал этишда катта самара бермоқда.
Хусусан, Нурафшон шаҳрида Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев ҳамда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига мурожаат йўллаган фуқаролар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказилди.

Унда Президент Администрацияси ходимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, бошқарма ва ташкилот раҳбарлари, шунингдек, масофадан туман ва шаҳар ҳокимлари қатнашди. Қабул жараёнида турли йўналишлардаги мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.
Жумладан, Қибрай туманида яшовчи Муҳаббат Абдураимова қизининг контракт тўловини амалга ошира олмагани сабабли ўқишдан четлатилганини маълум қилиб, амалий кўмак сўради. Вилоят ҳокими мурожаатчининг фарзандини IТ йўналишида ўқитиш ва кейинчалик иш билан таъминлаш бўйича тегишли масъулларга аниқ кўрсатмалар берди.

Бекобод шаҳридан мурожаат қилган Фотима Бозанаджи эса нафақада экани, фарзанди III гуруҳ ногирони бўлиб, яшаш учун берилган уй-жой шароити оғирлигини билдирди. У масъуллардан хонадонини таъмирлашда ёрдам сўради. Ушбу масала бўйича фуқаронинг эҳтиёжмандлиги ҳисобга олиниб, яшаш шароитини яхшилаш бўйича тезкор чоралар белгиланди. Шу билан бирга, ногирон фарзандини тиббий кўрикдан ўтказиш ва зарур муолажаларни олиши учун ҳам кўмаклашиладиган бўлди.
Пискентлик Неъматулла Сайипов ногиронлиги сабабли электрон аравача билан таъминлаш масаласини кўтарди. Бу мурожаат ҳам ижобий ҳал этилди.

Қабул давомида шу каби кўплаб бошқа мурожаатлар ҳам тингланиб, ҳар бири юзасидан тезкор қарорлар қабул қилинди. Айрим масалаларни чуқур ўрганиш ва ижросини таъминлаш бўйича мутасаддиларга аниқ муддатлар белгиланди.

Умуман олганда, бу мулоқот давлатимиз раҳбари топшириғига мувофиқ, вилоятда мурожаатлар билан ишлаш, одамларнинг ҳаётий муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар кўлами кенгайиб бораётганининг яна бир ифодаси бўлди.
А.Мусаев,ЎзА.