Аҳоли мурожаатлари доимо эътиборда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Пешку тумани Халқ қабулхонаси томонидан виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш юзасидан мониторинг ўтказилди.
Натижада тумандаги корхона ва ташкилотлар томонидан 2017 йил 11 сентябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” ги ЎРҚ-445-сонли қонун талабларини бузиш ҳолатлари аниқланган. Унга кўра масъул ходимларга нисбатан юқори турувчи органларига таклиф ва тақдимномалар киритилди.
–Жорий йил бошидан шу кунга қадар аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликларга йўл қўйганлиги учун давлат органлари ходимларини интизомий жавобгарликка тортиш бўйича 8 та таклиф ҳамда 18 та тақдимнома киритилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Пешку туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Ҳ. Раҳмонов.
– Жумладан, Пешку тумани ҳокимлиги, туман прокуратураси, туман ички ишлар бўлими, туман давлат солиқ инспекцияси, туман тиббиёт бирлашмаси, туман оила ва хотин-қизлар бўлими, “Агробанк” АТБ Бухоро вилояти бошқармаси, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Пешку тумани бўлими, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Бухоро вилояти Янгибозор почта алоқа боғламаси, АТ “Халқ банки” Бухоро вилояти филиали, туман аҳолини бандлигига кўмаклашиш маркази, туман мактабгача таълими бўлими ҳамда туман электр таъминоти корхонасига таклиф ва тақдимномалар тақдим этилди.
Камчиликларга йўл қўйган масъул ходимларнинг 16 нафари интизомий жавобгарликка тортилди. Шундан 14 нафарига ҳайфсан берилди. 1 нафарининг ойлигидан (30 фоиз) чегирма, 1 нафари лавозимидан озод этилди.
Ушбу киритилган таклиф ва тақдимномалардан мақсад аҳоли мурожаатларига эътиборсизликнинг олдини олишдир.
Зариф Комилов, ЎзА