Аҳоли мурожаати доимий эътиборда
Бухоро вилоятининг табиий газ истеъмолчисига 138 та маҳалла газчиси хизмат қилади. Таъкидлаш лозим, ҳар бир ходим ўз вазифасини астойдил бажаришга ҳаракат қилади. Жумладан, “Жондортумангаз” газ таъминоти бўлимида фаолият олиб бораётган маҳалла газчилари ҳам.
Тумандаги 31 та маҳаллада 9 та ходим фаолият кўрсатади. Улар кун давомида ҳисоблагичлар билан боғлиқ баъзи муаммоларни жойида ўрганиб, махсус планшетлар орқали тизимга қайта улаб, аҳолининг бир маромда табиий газ билан таъминланишига амалий жиҳатдан кўмаклашмоқда.

Туманнинг Демун маҳалласига Азамат Асадов хизмат кўрсатади. Унинг фаолияти билан танишганимизда, шубҳасиз, ҳар бир аҳоли мурожаати эътиборсиз қолмаслигига гувоҳ бўлдик. Бевосита ҳудуднинг қайси манзилидан ҳисоблагич ҳамда алоқа тизими билан боғлиқ мурожаат келиб тушмасин, барчасини тезкорлик билан ҳал этади.
Таъкидлаш лозим, соҳага рақамлаштириш тизимининг жорий этилганлиги аҳолининг ҳисоб-китоб билан боғлиқ муаммоларига асосий ечим бўлди. Тўлов билан мавжуд ҳар қандай маълумот бугун махсус дастур орқали амалга оширилмоқда, шу билан бирга аниқланган муаммолар эса зудлик билан маҳалла газчилари томонидан бартараф этилмоқда.

– Фаолиятим давомида аҳолига кўмак бериш билан бирга, ҳар қандай мурожаатга “лаббай” деб жавоб беришни ўз вазифам деб биламан. Кунига ўттизга яқин хонадонда бўлиб, ҳисоблагич билан боғлиқ муаммоларни ҳал этаман. Бу масъулият шунчаки менга куч беради. Йилнинг ўн икки ойи давомида аҳолига хизмат кўрсатилади. Асосий мақсад маҳаллалар таъминотидаги технологик инфратузилма имкониятларидан кенг фойдаланиш, йўқотишларнинг олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда истеъмолчи мурожаатига амалий жиҳатдан кўмак беришдир, – дейди Азамат Асадов.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.