Аҳоли муаммоларини ҳал этиш – энг муҳим вазифа
Навоий вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси раҳбарлигида вазирликлар, секторлар, ҳудудий ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирокида уч кунлик оммавий сайёр қабул бўлиб ўтмоқда.
Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар муаммолари билан ишлашни самарали ташкил этиш, ҳудудларда ечимини кутаётган масалаларни “маҳаллабай” ўрганган ҳолда жойида ва тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида ташкил этилган ушбу оммавий сайёр қабул вилоятнинг 3 та ҳудудида ташкил этилди.
Қабулнинг биринчи кунида Зарафшон шаҳридаги 7-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларида истиқомат қилаётган аҳоли 30 га яқин вазирлик ва идоралар раҳбар ва ваколатли масъулларига асосан иш билан таъминлаш, моддий кўмак ва имтиёзли кредит бериш, савдо фаолияти учун жой ажратиш, суд-ҳуқуқ ва бошқа масалаларда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Оммавий сайёр қабулнинг иккинчи куни Навбаҳор туманидаги “Кескантерак” маданият уйида Навбаҳор, Нурота, Қизилтепа, Конимех ва Хатирчи туманлари аҳолиси учун ташкил этилиб, унда фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган масалалар бўйича масъуллардан ёрдам сўрашди.
– Икки йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаман, – дейди Хатирчи туманидаги “Лангар гиламлари” корхонаси раҳбари Саодат Бердиёрова. – Корхонамда 24 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган. Асосан қўлда гилам тўқиш фаолияти билан шуғулланамиз. Бугунги қабулда вилоят ҳокими билан учрашиб, маҳсулотларимизни сотиш, чет элдан харидорлар топиш ва Лангар қўрғонимизда туризмни ривожлантириш мақсадида меҳмон уйи очишга амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мурожаатим инобатга олиниб, амалий ёрдам бериладиган бўлди. Туманимиз мутасаддиларига аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, уларнинг ижросини шахсан вилоят ҳокимининг ўзи назоратга олишини билдирди.
Сайёр қабулларда халқ билан юзма-юз мулоқотга киришиш, мавжуд масалаларни манзилли ўрганиш ва самарали ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Адлия тизими масъуллари томонидан ҳам аҳолининг мурожаатлари алоҳида ўрганилиб, уларга ҳуқуқий кўмак берилмоқда. Икки кунлик қабул давомида иш стажини тиклаш, кадастр, туғилганлик ва ўлим гувоҳномалари олиш, тадбиркорлик субъекти очиш, бандлик, ногиронликни белгилаш, банк-кредит, шартномавий масалалар, “e-auksion” тизими орқали ер олиш масалаларида мурожаатлар қабул қилинди. Унда 30 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 20 га яқини тегишлилигига кўра давлат ташкилотларига йўналтирилди. Бундан ташқари, 5 нафар фуқарога тадбиркорлик субъекти очиш, 8 нафар мурожаатчига электрон имзо олиш, 3 нафар фуқарога уй-жой билан боғлиқ масалада давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2 нафар жуфтликка никоҳ гувоҳномасини олишда кўмаклашилди.
[gallery-7435]
Файзиева Муаззам 10 йилдан буён фарзандига яратгандан шифо тилаб яшаяпти. Оиланинг топгани қозон қайнатишдан ортмайди. Бир неча ойдан буён парваришлаш нафақаси олиш учун овора бўлаётган М.Файзиева сайёр қабулда давлат хизматларига мурожаат қилиш орқали масаласига ечим топди. Мазкур йўналишда адлия тизими мутасаддилари қабулида бўлган 10 га яқин мурожаатчиларнинг муаммоси жойида ижобий ҳал этилди.
– 6 ёшли фарзандимнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини йўқотиб қўйганим учун қайта гувоҳномани Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан олишим керак экан, – дейди Навбаҳор туманининг “Ғужбоғ” маҳалласида истиқомат қилувчи Ситора Турсунова. – Бошқа ҳудудга чиқиш, йўл ва гувоҳнома олиш харажатлари оила иқтисодига тўғри келмагани боис, 2 йилдан буён фарзандимнинг гувоҳномаси йўқ эди. Бугунги қабулда мурожаатим ижобий ҳал этилиб, фарзандимга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топширилди.
Бўлиб ўтаётган қабулда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Ҳ. Тўрахўжаев ва судьялар 30 нафар фуқарони қабул қилди.
– Қабул қилинган мурожаатларнинг 15 таси жиноят ишлари, 11 таси фуқаролик ишлари, 2 таси иқтисодий ишлар, 2 таси маъмурий ишлар бўйича судларга оид мурожаатларни ташкил этади, – дейди Навоий вилояти суди жамоатчилик ва ОАВлар билан алоқалар бўйича бош консультанти Азиза Рўзиева. – Мурожаатлардан 21 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 9 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди.
Навбаҳор туманида бўлиб ўтган сайёр қабулда фуқаролар томонидан газ таъминоти соҳасига оид 17 та мурожаат қилинди. Ушбу мурожаатларнинг 14 таси Навбаҳор ва 3 таси Хатирчи туманига тегишли.
– Мурожаатлар эгалари яшайдиган ҳудудлар табиий газ етиб бориши қийин бўлгани учун суюлтирилган газ билан таъминланади, – дейди Ҳудудгазнавоий" газ таъминоти филиали ахборот хизмати раҳбари Зебо Қутлиева. – Ҳозирда режа-график асосида истеъмолчиларга белгиланган муддатларда маиший баллонларда суюлтирилган газ етказилади. Ушбу истеъмолчилар ўзлари яшайдиган ҳудудни табиий газ тармоғига улаб берилишини сўраб мурожаат қилди. Истеъмолчиларга ҳудудлардаги табиий газ ресурси билан боғлиқ вазият ҳақида тушунтириш берилди. Шунингдек, сайёр қабуллар жараёнида Конимех тумани, "Саржал" овул фуқаролар йиғинининг "Урожан" овули аҳолисига суюлтирилган газ тарқатилди.
Оммавий сайёр қабул Кармана туманида Навоий шаҳри, Кармана ва Қизилтепа туманлари аҳолиси иштирокида давом этмоқда.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА.