Аҳоли муаммолари доимий назоратда
Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларни “маҳаллабай” ва “хонадонбай” олиб бориш ҳар бир раҳбар зиммасидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокими Икром Матиев ўзига бириктирилган 1-сектор ҳудудидаги “Учма” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб аҳоли билан учрашди. Маҳалла фуқароларининг муаммоларини тинглади, оқсоқоллар билан маслаҳатлашиб биринчи галда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Учрашувда ушбу маҳалланинг “Сафар ота”, “Бирлашган”, “Қамиш”, “Боламон” ва “Қуруқ қўл” қишлоқларида аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири – электр энергияси таъминоти эканлиги айтилди.


Айни пайтда фуқароларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Жаҳон тараққиёт банкининг 2 миллиард 600 миллион сўм маблағи эвазига электр тармоқларини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Йиллар давомида яроқсиз ҳолга келиб қолган 646 дона электр узатгич симёғоч темир бетон таянчларига алмаштирилаётир. Алюминий сим тармоқлари ўрнига сим кабеллар тортилмоқда. Шунингдек, эскирган 10 дона трансформатор пунктлари ўрнига янги 12 дона трансформатор пункти ўрнатилиши кўзда тутилган.


“Учма” МФЙ аҳолисини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка йўналтириш мақсадида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи 62 нафар фуқарога чорвачилик билан шуғулланиши учун банкдан кредит ажратилиб, Қирғизистон Республикасидан олиб келинган наслли қўйларни боқиш йўлга қўйилган. Маҳалладаги “Деристон” қишлоғида 3 нафар, “Учма” қишлоғида 5 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланиб, тикувчилик цехи очилган. Бундан ташқари, ҳунармандчиликда 3 нафар, асаларичиликда 2 нафар, паррандачилик йўналишида 2 нафар “Учма” аҳолисининг оилавий тадбиркорлиги йўлга қўйилди.

Мухтасар қилиб айтганда, “Учма” маҳалласида яшаётган аҳоли “Темир дафтар”, Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатидан чиқарилиб, сердаромад оилалар қаторига қўшилиб бормоқда.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА