
Аҳоли муаммоларини ўрганиш, ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва миграциядаги фуқаролар билан ишлаш бўйича юртимизда олиб борилаётган ишлар вақт ва мавсум танламайди.
Президент Администрацияси ва Халқ қабулхонаси бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи жойларда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзиллари Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари бўлди.
Хусусан, 20-23 январь кунлари ушбу ҳудудларда Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Автомобиль йўллари қўмитаси, “Ўзсувтаъминот”, “Ҳудудгазтаъминот”, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарлари ва масъуллари иштирокида 200 га яқин сайёр қабуллар ўтказилди. Қабуллар давомида 3 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди. Уларнинг 1,3 мингги жойида ҳал этилган бўлса, қолган қисми қўшимча ўрганиш талаб этганлиги сабабли масъуллар томонидан назоратга олинди.

Республика ишчи гуруҳи вакиллари томонидан аҳоли орасида ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш мақсадида жойлардаги ҳолат маҳаллабай ўрганилиб, қатор амалий ишлар олиб борилди.

Жумладан, ишсизлик ва камбағаллик даражаси юқори ҳамда ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир, чегара ва олис ҳудудларда жойлашган жами 511 та маҳаллада меҳнат ярмаркалари ўтказилди ва уларда 4 мингга яқин ишсиз фуқаро бўш иш ўринларига жойлаштирилди.

Тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 834 та лойиҳани амалга ошириш учун тижорат банклари билан ҳамкорликда 46 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада 1.8 мингга яқин аҳоли бандлиги таъминланадиган бўлди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида хорижий давлатларда бўлиб турган 20 мингга яқин фуқаро билан маҳалла еттиликлари, сектор раҳбарлари иштирокида онлайн мулоқотлар ўтказилиб, кам даромад кўраётган мигрантларга қайтиб келса, иш билан таъминланиши бўйича тушунтиришлар берилди. Суҳбатлар натижаси бўйича 169 нафари қайтиш истагини билдирди ва улар алоҳида анзоратга олинади.

Аҳоли турмуш шароитини, ижтимоий инфратузилма ҳолатини яхшилаш мақсадида 16 та маҳаллада жами 7,5 километр йўл асфальтлаштирилди, 8,7 километр йўл шағаллаштирилди. 200 та маҳаллада жами 208,1 километр узунликдаги электр тармоғи ҳамда 157 та трансформатор таъмирланди, 226 таси техник кўрикдан ўтказилди.

Электр энергияси билан боғлиқ бўлган 289 та, табиий газ билан таъминлашга доир 601 та, кўмир ёқилғиси билан боғлиқ 268 та муаммо бартараф этилди.
Бундан ташқари, 160 та маҳаллада газ босими меъёрига келтирилди ва 560 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди, 59 517 та суюлтирилган газ баллонлар тарқатилди. 45 та маҳаллага 35 дона трансформатор ва 363 дона темир-бетон устун ўрнатилиб 8,6 километр электр узатиш тармоғи тортилди.

Ҳудуддаги мактаб, боғча ва оилавий поликлиникаларда иссиқлик тизимлари кўздан кечирилиб, уни барқарорлаштириш бўйича давлат-хусусий шериклик асосида бириктирилган тадбиркор ва касб-ҳунарга ўргатиладиган синфхоналари бўйича мутасадди раҳбарларга таклифлар берилди.


Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида чегара ва олис ҳудудлардаги 268 та маҳаллада фуқаролар учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди. Уларда 40 мингга яқин аҳоли иштирок этди. Натижада 584 нафарига стационар шароитда даволанишга йўлланма ва 13 911 нафари бепул дори-дармонлар берилди. Шунингдек, 579 нафари стационар шароитда даволанишга ётқизилди ва 94 нафари даволаниш учун республика ихтисослаштирилган марказларига юбориладиган бўлди.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.
Мансур АБДУСАТТОРОВ.
ЎзА