Аҳмадалиевнинг “Йил жанги” яқинлашмоқда
Профессионал боксчимиз Муроджон Аҳмадалиев WВА ва IBF йўналишлари бўйича ўз чемпионлик камарларини чилилик Хосе Веласкесдан муносиб ҳимоя қилиб, ғолиб бўлгани барчамизни хурсанд қилди.
12 раунд давом этган жангда 119-111 ҳисобида рақибини мағлуб этган Муроджон Аҳмадалиев бугун, 22 ноябрь куни Ўзбекистонга қайтиб келди. Спортчини Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон бокс федерацияси, Миллий гвардия қўмондонлиги вакиллари, боксчининг яқинлари ва мухлислар қарши олди.

“Matchroom” компанияси томонидан ташкил этилган жангда ярим енгил вазнда (55,3 килограмм) WBA ва IBF чемпионлик камарларини иккинчи марта ҳимоя қилган Муроджонда энди мазкур вазндаги барча камарларни бирлаштириш имконияти пайдо бўлмоқда.
Маълумки, ушбу вазнда профессионал бокснинг WBC йўналиши чемпиони Брэндон Фигероа ҳамда WBO чемпиони Стивен Фултон ўртасида ҳар икки йўналишни бирлаштирувчи жанг жорий йилнинг 27 ноябрида ташкил этилиши режалаштирилган. Демак, WВА ва IBF майдонида ўз чемпионлик “тахти”ни мустаҳкамлаб олган Аҳмадалиевнинг ярим енгил вазнда (55,3 килограмм)ги барча камарларни бирлаштириш фурсати яқинлашяпти.

Жаҳон профессионал ишқибозлари бундай гигант жангнинг қачон гувоҳи бўлиши эса ҳозирча муҳокамалар майдонида эмас. Боиси, ҳозирда ҳамма 27 ноябрь куни АҚШда ўтадиган Фултон-Фигероа “дуэли”га диққат эътиборини қаратган. Биз учун эса профессионал бокснинг ушбу вазнидаги барча чемпионлик камарларни бирлаштириш учун Аҳмадалиевнинг рингга кўтарилиши муҳим. Ушбу кунни интиқлик билан кутиш асносида айтиш мумкинки, айнан ўша кун жаҳон бокс тарихига “Аср жанги” сифатида ёзилишини жуда-жуда истардик.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА