Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида пиёз ва сабзи маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш, қайта ишлаш ҳамда экспорт ҳажмини оширишга қаратилган ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Бунга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги “Республикада пиёз ва сабзи маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш, чуқур қайта ишлаш ва уларнинг экспорт ҳажмларини ошириш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган хизмат сафаримиз давомида ҳам яққол амин бўлдик.

Жорий йилда тумандаги 167 та фермер хўжалиги томонидан 1220 гектар лалми ер майдонларига пиёз экилиб, унинг парвариши мутахассислар тавсиялари асосида олиб борилмоқда. Асосан Нидерландияда яратилган, ҳосилдорлиги юқори бўлган “Банко” ва “Арландо” навли уруғлар танлаб олинган. Ҳар бир гектарга 12–13 килограмм миқдорида уруғлик сепилган. Парваришда эса ернинг талабига қараб ўғитлар билан тўйинтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ўртача ҳар гектарга 400–500 килограмм фосфорли, 50–100 килограмм калийли ўғитлар қўлланилган. Бундан ташқари, ерга 200–300 килограмм селитра ва 150–200 килограмм карбамид солинган.

– Туманимизда сабзавот етиштирувчи фермер хўжаликларида суғориш ишлари тўлиқ замонавий томчилатиб суғориш технологияси асосида олиб борилмоқда, – дейди Шароф Рашидов тумани ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Азимов. – Шу билан бирга, экинларни касалликлар ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш мақсадида кимёвий воситалардан фойдаланилмоқда, агротехник тадбирлар аниқ режа асосида ва ўз вақтида амалга оширилмоқда.

Тумандаги фермер хўжаликларидан бири — “Сардор чорвадор боғи” мисолида ҳам бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Хўжалик томонидан 3 гектар майдонга пиёз экилиб, ҳар қарич ердан оқилона фойдаланилаётгани кузатилди. Майдон четларида полиз, дуккакли, озуқа экинлари ва мевали кўчатлар ҳам парвариш қилинмоқда. Бу эса деҳқоннинг замонавий ва прагматик ёндашувини, ердан даромад олишнинг самарали моделидан фойдаланаётганини кўрсатади.

Мутасаддиларнинг маълум қилишича, ҳозирга қадар туманнинг уста деҳқонлари ҳар гектардан 100–130 тоннагача пиёз ҳосили олишга муваффақ бўлишган. Маҳсулот сифатли, бозорда талаб юқори. Бу эса тумандаги агротехник ишларнинг тўғри ташкил этилганидан далолатдир.
– Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, Шароф Рашидов туманида парваришланаётган пиёз экинлари ҳолати жуда яхши, – дейди Жиззах вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг ўринбосари Дилмурод Норалиев. – Айнан шу ерда тупроқ таркиби ва иқлим шароити сабзи учун ҳам жуда мос. Менга ёққан яна бир жиҳат — туманда замонавий “BMB-NRC Agrologistics” агрологистика маркази фаолияти йўлга қўйилган ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилаётган сабзавот маҳсулотларининг асосий қисми экспорт қилинаётганидир.
Ана шу ишларнинг барчаси — етиштиришдан тортиб, қайта ишлаш, сақлаш ва экспортгача бўлган узлуксиз занжир барпо этилаётганини англатади. Бу нафақат фермернинг даромади, балки мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда экспорт салоҳияти учун ҳам хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири