Агрокластерда икки минг киши ишли бўлади
Мамлакатимизда кейинги йилларда боғдорчиликни ривожлантириш, соҳага хорижий инвесторларни жалб этиш, илғор технологияларни жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, соҳадаги мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада янги-янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг аввалги йилда Бирлашган Араб Амирликларига сафари давомида имзоланган келишувларга асосан арабистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда Пахтаобод туманида йирик агрокластер ташкил этилмоқда.
Умумий қиймати 30 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа доирасида тумандаги "Маданият" ва "Гулистон" массивларида 470 гектар майдонда интенсив ва замонавий боғлар барпо этилмоқда. Агросаноат кластери таркибида маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш линиялари ишга туширилади. Умуман, агрокластер тўла қувват билан иш бошлагач 2 мингта доимий иш ўрни, шунингдек, юзлаб кишиларни мавсумий ишларга жалб этиш имкони яратилади.
Ҳозирга қадар агрокластерга Италия ва Испания давлатларидан гилос, “голубика” кўчатларининг серҳосил ва экспортбоп навлари олиб келиб экилди. Янги барпо этилаётган интенсив боғлар тўла томчилатиб суғориш технологияси асосида суғорилади. Бунинг учун йирик мембранали сув резервуари қурилди. Бундан ташқари, маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлашга мўлжалланган махсус бинолар, зарур инфратузилмалар қурилиши бошлаб юборилган.
[gallery-13042]
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мазкур агросаноат кластерида бўлиб, лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди, хорижлик тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Белгиланган ишларни самарали ташкил этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА