“AGRITECHNICA-2023”: танишув, мулоқот ва ҳамкорлик
Яқинда Германиянинг Ганновер шаҳрида “AGRITECHNICA-2023” халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда 200 дан зиёд иштирокчилар қатнашди.
Аҳамиятлиси, ушбу кўргазма доирасида етакчи халқаро қишлоқ хўжалиги муҳандислиги ва инновациялари бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда битта олтин ва 17 та кумуш медаль ғолиблари эълон қилинди. Инновацияларни мужассамлаштирган ва замонавий талабларга тўлиқ жавоб берувчи “New Holland Combi DSC 8670” ғалла ўриш комбайни кўргазманинг олтин медалига сазовор бўлди.
Тақдирлаш маросимида ушбу комбайннинг техник хусусиятлари ҳамда қишлоқ хўжалигига қандай инновацион ечимлар таклиф этганига ҳам тўхталиб ўтилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот-таҳлилий мультимедиа марказининг маълум қилишича, комбайнларнинг техник жиҳатдан мумкин бўлган хирмон сиғимини янада ошириш уларнинг ҳажми, оғирлиги ва геометрияси билан тобора чекланиб бормоқда. Бу, айниқса, энг самарали дизайн чораси сифатида хирмон каналини кенгайтиришга тааллуқлидир.
–Чунки у тўғридан-тўғри машинанинг кенглигига таъсир қилади. Бундан ташқари, юқори қўзғалиш кучи ва мос келадиган қўзғалиш технологияси, шунингдек, хирмон ва ажратиш асбоблари акс юкларининг қонуний талаб қилинадиган ўқ юкларидан ошиб кетишига олиб келади.“New Holland Combi DSC 8670” комбайни корпусининг ҳар икки томонида корпус ва шасси ўртасида ҳайдовчилар учун жой йўқ. Бўш жой хирмон каналини кенгайтириш ва комбайннинг номинал техник қувватини ошириш учун ишлатилади. Таъкидланганидек, патентли тозалаш тизими ҳам 13 фоизга кенгайтирилди ва бункерга дон оқими оптималлаштирилган, босим сенсори асосидаги бошқарув тизими динамик босимни ўлчайди ва шу тариқа дон массасини олдинги ва орқа юқори элакка алоҳида тақсимлайди. Сомонни майдалаш ва тарқатиш технологияси камерага асосланган бошқарув тизимига эга бўлиб, у комбайннинг энергия самарадорлигини оширади ва вазнни оптималлаштирувчи дизайн туфайли машинанинг оғирлигини деярли доимий ушлаб туради. Бу каби инновацион технологиялар қишлоқ хўжалигида самарадорликни оширишга, исрофгарчиликни камайтиришга ва ресурс тежамкорлигига ҳисса қўшади, –деди О.Абдуллаев.
Маълумот ўрнида, мазкур халқаро кўргазмада ўзбекистонлик соҳа мутахассислари, журналист ва блогерлар иштирок этди. Кўргазма давомида қишлоқ хўжалиги агротехникасининг халқаро тажрибасини ўрганиш ва инновацион техникаларни Ўзбекистон ҳудудида жорий этиш масалалари бўйича музокаралар олиб борилди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА