Аграр соҳадан – саноатлашган туманга
Давлатимиз раҳбарининг Бухорога ташрифи кўплаб соҳаларда янги имкониятлар эшигини очди. Хусусан, Бухоро иқтисодиёти 1,5 баробар ўсиб, 53 триллион сўмдан ошгани, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишда 115 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 4,6 мингта корхона ишга тушгани ва натижада 90 минг иш ўрни яратилгани фикримиз исботидир.
Сўнги йиллар ичида экспорт ҳажми 215 миллион долларга етди. Қоракўл, Жондор, Шофиркон ва Когон туманларининг ҳар бирида саноат ҳажми йилига 1 триллион сўмдан ошди. Шу вақтга қадар фақатгина аграр соҳага ихтисослашган Жондор туманида ҳам сўнгги йилларда улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Туманнинг жорий йил 6 ойликда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 107,2 фоизни ташкил қилгани эътиборга молик.

– Янги Ўзбекистонни бунёд этилаётганлиги ва бу жараёнлар жондорликларни ҳаётига ижобий таъсирини кўрсатди, – дейди меҳнат фахрийси Раъно Раҳимова. – Мана шу кейинги етти йил жондорликлар ҳаётида катта ўзгаришлар даври бўлди десам, муболаға бўлмайди. Давлат раҳбарининг ҳар сафарги ташрифида Бухоро халқи ҳаёти фаровон бўлиши борасида барчага манзур бўладиган дастурлар белгиланади. Ташриф чоғида Жондор тумани саноатини ривожлантиришга, туман аҳолисининг ҳаётини фаровон қилишга қаратилган вазифалар алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Саноат ривожи, аввало, аҳолининг турмуш фаровонлигида ўз ифодасини топмоқда. Дарҳақиқат, туманда озиқ-овқат саноати ҳам туманда драйвер йўналишга айланди. Бугунги кунда аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ва нархлар барқарорлигини сақлаш мақсадида товуқ гўшти етиштириш салмоғи йил сайин ортиб бормоқда.

“Аржуманбону чорваси” фермер хўжалиги Жондор тумани ҳудудидаги 2 гектар ер майдонида ташкил этилган товуқхона, қушхона ва озуқа омборларидан иборат бўлиб, асосан аҳлига сифатли товуқ гўшти етказиб бериш билан шуғулланиб келмоқда. Корхона йилига 48 минг тонна товуқ гўшти етиштириш қувватига эга бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 25 миллиард сўмни ташкил этади.

– Фермер хўжалигимиз 2017 йилда ташкил топган, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Гулмурод Умаров. – Дастлаб 4 нафар ишчи ўрни яратдик. 2019 йили ўзимизнинг паррандачилик фабрикамизни барпо этдик. Давлат раҳбарининг тадбиркорларга яратиб берган имкониятлари, ғамхўрликлари натижасида 150 дан зиёд ишчи ўрни яратилди. Шу билан бирга юзта хонадонда кооперация усулида бройлер жўжаларини боқиш йўлга қўйилган.

Жондор туманида 2024 йилда Инвестиция дастурига асосан умумий қиймати 681,2 миллиард сўм бўлган 53 та лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 1277 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Варахшо чўл ҳудудида 10 минг гектар ер майдонида Хитой давлати инвесторлари иштирокида ташкил этилган қўшма корхона томонидан “Пахта хомашёсини етиштириб, пахтани қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш орқали 200 нафар янги иш ўринлари яратилади.
Буларнинг барчаси туманни саноатлашган мақомга эга бўлиши учун янада кенгроқ имкониятларни тақдим қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.