Аграр соҳада молиявий қўллаб-қувватлаш самарадорлиги оширилади
“Аграр соҳада молиявий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш ва таваккалчиликларни бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-354-сон, 28.09.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, қишлоқ хўжалиги субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги субсидиялар ажратилади:
– 2026 йил ҳосилида пахта хомашёсининг ҳар бир тоннаси учун (4 ва 5-навли пахта бундан мустасно) 500 минг сўмдан;
– 2026 йилда ўзига бириктирилган ер майдонларида пахта-тўқимачилик кластерлари ва улар таъсисчи бўлган корхоналарга пахта етиштирилган ҳар бир гектар ер майдони учун 1,5 миллион сўмдан;
– 2027–2029 йилларда чорвачилик хўжаликларига асосий майдонларда озуқа экинлари етиштирилгани учун ҳар бир гектар экин майдонига Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг хулосасига асосан йиллик 500 минг сўм миқдорида;
– 2026 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 июнга қадар тадбиркорлик субъектларига совитилган мол ва қўй гўштини импорт қилишда, ҳар бир килограмм гўшт учун 2,5 минг сўм миқдорида.
2027 йил 1 январдан бошлаб 2028 йил 1 январга қадар ҳуқуқий тажриба тариқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича “Натижавий субсидия” тизими асосида ажратиш тартиби жорий этилади.
Бунда, субсидия миқдори уни олувчининг харажатлари билан бир қаторда ҳосилдорлик, маҳсулот сифати ва бошқа натижа кўрсаткичлари асосида белгиланади.
Уч йил давомида суғурта ҳодисаси кузатилмаган қишлоқ хўжалиги корхоналарига тўртинчи йилдан бошлаб суғурта мукофотига 10 фоиздан 20 фоизгача чегирма бериш амалиёти йўлга қўйилади.
Шунингдек, суғурта мукофотларининг 3-5 фоизи огоҳлантирувчи тадбирлар захирасига йўналтирилади.
ЎзА