Афв этилганлар ишга жойлаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбари фармонига кўра, билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 483 нафар шахс афв этилди.
Ургутлик Соҳиба Тўраёрова афв этилган юртдошларимиздан бири. У гиёҳванд моддаларни ноқонуний равишда сақлаш билан боғлиқ жинояти учун судланиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Бир ярим йил давомида жазони ўташ жараёнида бу қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлди, озодлик қадрини англади.
– Энг катта бахт оила даврасида, тинч-хотиржам яшашда экан, – дейди С.Тўраёрова. – Жазони ижро этиш муассасасидаги ҳар бир кун, ҳар бир лаҳзада буни ҳис қилиб, ножўя ишимдан қаттиқ афсусландим. Озодликка чиқсам, фақат ҳалол меҳнат қилиб, рўзғор тебратишни, фарзандларимга яхши тарбия беришни ният қилардим. Конституция байрами арафасида Президентимиз бир қатор шахслар қаторида мени ҳам афв этганларини эшитиб, бошим осмонга етди, минг раҳмат! Энди тўғри ҳаёт кечиришга, фарзандларимни давлатимизга хизмат қиладиган яхши инсонлар этиб тарбиялашга сўз бераман.
Давлатимиз раҳбари фармонига кўра афв этилганларнинг 38 нафари Самарқанд вилояти ҳудудида яшовчилардир. Вилоят ички ишлар бошқармасининг маълумотларга кўра, афв этилган 38 нафар шахснинг 2 нафари муддатидан олдин шартли равишда жазодан озод этилган. Шунингдек, ички ишлар идоралари пробация бўлинмалари ҳисобида турган 8 нафар вояга етмаган шахс жазодан тўлиқ озод қилинди.
Айни пайтда ҳокимликлар, тегишли идоралар томонидан афв этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга зарур кўмак кўрсатилмоқда. Заруратга қараб, саломатлигини тиклаш, ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири