“Афросиёб” – Самарқанд тарихи кўзгуси
Узоқ ўтмишимиз, бой маданиятимиз акс этган ноёб археологик экспонатлар тўпланган “Афросиёб” музейи Самарқанд шаҳри тарихи кўзгуси сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Халқимиз маънавий оламининг бебаҳо дурдоналари жой олган маскан замонавий қиёфада ташриф буюрувчиларга ўз бағрини очмоқда. Кореялик мутахассислар иштирокида амалга оширилган реставрация ишларидан сўнг янги мазмун билан бойиган музей ўзгача қиёфа касб этди.
Ўзбекистон ва Корея Республикалари Президентларининг 2021 йил 28 январь куни ўтказилган онлайн саммитида икки давлат ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди. Шу асосда Корея Республикаси Маданий мерос администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ўртасида Ипак йўли маданий меросини тадқиқ этиш ва сақлашга доир меморандум имзоланганди. Бундан кўзланган асосий мақсад Буюк ипак йўли маданий меросининг сақланиши ва тадқиқ этилиши бўйича маълумот ҳамда кўникма алмашинуви эди. Айни ҳужжат асосида амалга оширилган лойиҳа доирасидаги “Афросиёб” музейи реставрацияси учун 290 минг АҚШ доллари ажратилди. Ушбу маблағнинг 200 минг доллари музейнинг биринчи қаватидаги кўргазманинг реэкспозициясига, қолган қисми музей таъмирига сарфланди.
Лойиҳанинг якунланганлиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев, вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, Корея Маданий мерос администрацияси Маданий меросдан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Че Су Хе ва бошқалар сўзга чиқиб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари қадимий илдизларга эга эканлигини алоҳида таъкидлашди. Шу боис икки давлат ҳамкорлиги барча соҳаларда изчил давом этаётганлиги қайд этилди.
– Ўзаро ҳамкорлигимиз аждодларимиз томонидан 1400 йил олдин бошлаб берилган ва бизнинг бугунги саъй-ҳаракатимиз туфайли авлодларимиз минг йиллардан кейин ҳам бу ҳақда фахр-ифтихор билан эслашади, – дейди Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси бош консули Кук Жанг Хюн. – Шундай экан, биз барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш тарафдоримиз. Самарқанд тарихини ўрганиш, тадқиқ этиш борасидаги самарали ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам ҳам давом этади.
[gallery-16386]
Янгиланган музей залларидаги кўргазмалар ҳам алоҳида ёндашув асосида бўлимларга ажратилди. Унга кўра, 1-бўлим – ХIХ асрнинг охири – ХХI аср бошларида қадимги Самарқанд шаҳрида олиб борилган археологик қазишмалар тарихи, 2-бўлим – Самарқанд милоддан аввалги VII-IV асрларда, 3-бўлим – Самарқанд элленизм ва юнон-бақтрия даврларида (милоддан аввалги III – II асрлар), 4-бўлим – Шаҳар ва қадимги кўчманчиларнинг маданий алоқалари (II аср – V асрнинг ўрталари), 5-бўлим – Сўғдиёнанинг олтин даври (VI – VII асрлар.) деб номланди.
– Музейимизда амалга оширилган янгиланиш туризмни ривожлантириш, туристлар оқимини оширишга хизмат қилади, — дейди музей директори Самариддин Мустафоқулов. – Чунки, музейимизнинг асосий экспонатлари қадимий Самарқанд – “Афросиёб” археологик шаҳарчасида амалга оширилган қазишмалар давомида топилган ноёб ашёлар ҳисобланади. Самарқанд дунё аҳли эътиборини қанчалик ўзига ром этган бўлса, музейимиз ҳам унинг энг муҳим диққатга сазовор жойларидан бирига айланган. Албатта, Самарқандга ташриф буюрган ҳар қандай сайёҳ унинг тарихига қизиқади. Музейимизда шаҳарнинг қадимдан жаҳон тарихидаги юксак мавқеи, унга қўшни халқлар билан бўлган маданий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий алоқалари замонавий ёндашувлар асосида ёритилади. Музейнинг 1-қаватида жойлашган кўргазманинг капитал реэкспозиция қилиниши, албатта, сайёҳларга манзур бўлади.
Сўғд ҳукмдори (ихшиди) Вархуман саройидаги “Элчилар хонаси” деворий суратлари, оссурийларга тегишли қадимги қилич бўлаклари ва бошқа маиший буюмлар ҳамда шаҳар тарихига оид турли даврлар маданий ҳаётидан сўзловчи осори-атиқалар ҳар қандай кишини ўзига ром этади. Энг муҳими, бу экспонатлар янгича талқинда, ўзига хос тарздаги ранглар уйғунлигида янада таъсирли намоён бўлади.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари