“Афросиёб” музейи реставрация қилинди
“Афросиёб” музейи экспонатлари Самарқанд шаҳрининг қадим тарихидан сўзлайди.
Маданий мерос агентлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, “Афросиёб” музейида Корея Республикаси маданий мерос жамғармаси билан ҳамкорликда реставрация ишлари олиб борилди. Бинони таъмирлаш жараёнига 33 минг долларга яқин маблағ сарфланган.
Реставрация қилиш жараёнида музейнинг биринчи қаватидаги кўргазмалар зали, видеозал ва йўлаклар янгиланди. Иккинчи қаватнинг шифти ва томлари ҳам қайта таъмирланди.
Жорий йилнинг март ойида музейнинг тантанали очилиш маросими ўтказилиб, музейга кириш икки кун бепул бўлади.
Мазкур маскан ноёб археологик ёдгорлик бўлиб, турли-туман осори- атиқалар билан тўлдирилган халқ маданий ҳаётини акс эттирувчи гўша ҳисобланади. Музей Самарқанднинг шимолий қисмидаги марказий бозор орқасида, қадимий “Афросиёб” тепаликлари ёнида жойлашган. Ҳозирги кунда музей экспозициясидаги экспонатлар сони икки мингдан зиёдни ташкил этади ва уларнинг сони мунтазам равишда ортиб бормоқда.
Музейнинг энг қимматли диққатга молик экспонатлари сирасига кўҳна Афросиёбда олиб борилган археологик қазилмалар чоғида топилган ашёлар киради, уларнинг ҳар бири шаҳар тарихининг турли даврларига тааллуқлидир. Ихшидийлар сулоласига мансуб оссурийларга тегишли қадимги қилич бўлаклари, пичоқлар, ўқлар, тангалар, сопол буюмлари, шунингдек, Самарқанд саройи девор суратларининг парчалари шулар жумласидандир.
Музейнинг марказий залида Сўғд ҳукмдори (Ихшиди) Вархуман саройидаги “Элчилар хонаси”нинг суратлари жойлашган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА мухбири