Афғонистонлик битирувчи талабаларга диплом топширилди
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг "Ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси" йўналишида ўқиган илк 25 нафар битирувчисига Тошкент давлат транспорт университетининг бакалавр дипломлари топширилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, тадбирда марказ директори О.Рўзиев, Афғонистон темир йўл бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аҳмад Шафиқ Урфони, ушбу мамлакатнинг молия вазирлиги ҳисоблар бўлими директори Муҳибулло Сахизода, транспорт қўмитаси бошлиғи ўринбосари Лутфулло Амини, Афғонистоннинг Термиз шаҳридаги Бош консулининг 1-котиби Бисмилло Мангал ва бошқалар битирувчиларни муборакбод этди. Шу билан бирга уларни иш билан таъминлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Тўрт йил давомида марказда "Ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси" йўналишида таҳсил олган афғонистонлик талабалар энди ўз юртларида ушбу соҳада ишлаш имконияти эга бўлди. Ҳар томонлама малакали кадрларни тайёрлаш учун машғулот ва дарс жараёнларига Тошкент давлат транспорт университетининг малакали профессор-ўқитувчилари ҳам жалб этилди.
Шунингдек, талабалар 1 ой давомида танишув амалиётини ўтаб, якуний давлат имтиҳонларини яхши ва аъло баҳоларга топширдилар.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда 111 нафар афғонистонлик талабалар темир йўл ҳамда ўзбек тили ва адабиёти йўналишларида таҳсил олмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА