Афғонистон билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
Пойтахтимиздаги Марказий Осиё халқаро институтида “Ўзбекистон – Афғонистон: икки томонлама ҳамкорликнинг янги имкониятлари ва минтақавий шериклик истиқболи” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Афғонистон томонидан Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Абдул Ҳай Қанит ҳамда ушбу мамлакатнинг юртимиздаги элчихонаси вакиллари иштирок этган тадбир давомида 5 апрель куни Кобулда ўтказилган “Марказий Осиё – Афғонистон” маслаҳат мулоқоти натижаcи муҳокама қилиниб, шерикликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро савдо қиймати уч баробар ошиб, тахминан 1,7 миллиард долларга етган. Айни жараёнда икки давлат учун янги имкониятлар очилиб, мавжуд салоҳиятдан янада унумли фойдаланиш эҳтиёжи кучайган.
[gallery-28723]
Хусусан, мутахассислар ўзаро савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика ҳамда гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш имкониятини атрофлича кўриб чиқдилар. Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнга фаол жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман доирасида МОХИ ҳамда Афғонистон ТИВ ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази ўртасида келишув имзоланди. Мазкур ҳужжат нафақат икки жамоа, балки умуман мамлакатларимиз таҳлил марказлари ўртасида институционал алоқани мустаҳкамлашга қаратилган.
Дилшод Ҳакимов, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА