АЭСда экологик назорат қандай йўлга қўйилади?
Ўзбекистон атом энергетикаси соҳасидаги илк йирик лойиҳасини амалга оширишнинг амалий босқичига ўтди. Жорий йилнинг июнь ойида Жиззах вилоятидаги биринчи атом электр станцияси майдонида дастлабки энергоблок қурилиши бошлангани эълон қилинди. Лойиҳа доирасида “ВВЭР-1000” русумидаги икки реактор ва “РИТМ-200Н” русумидаги икки кичик модулли реактор барпо этилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш керакки, АЭС қурилиши энергетика тизимини ривожлантиришда муҳим қадам ҳисобланади. Бироқ, бундай йирик инфратузилма лойиҳаларида технологик ва хавфсизлик масалалари билан бир қаторда экологик омиллар ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, атом электр станцияси қурилиши билан бир вақтда унинг атрофидаги муҳитни кузатиш ва назорат қилиш тизимлари ҳам шакллантирилади.
Махсус экспертлар гуруҳи ташкил этилди
Одатда, АЭС атрофида махсус кузатув ҳудудлари белгиланиб, радиацион ҳолатни мониторинг қилиш тизимлари жорий этилади. Шунингдек, сув, ҳаво, тупроқ, ўсимликлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда аҳолига эҳтимолий таъсирни баҳолаш бўйича мунтазам кузатув ишлари олиб борилади.
Бу йўналишда Ўзбекистонда ҳам муайян ишлар бошланган. Май ойида АЭС қурилиши лойиҳасининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш материалларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш мақсадида махсус экспертлар гуруҳи ташкил этилди. Давлат экологик экспертизаси маркази маълумотига кўра, гуруҳ таркибига маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда Беларусь Республикасининг ихтисослашган ташкилотлари экспертлари ҳам жалб қилинган. Улар атмосфера ҳавоси, сув ресурслари, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, гидрогеологик ҳамда сейсмологик шароитлар, шунингдек, жамоатчилик эшитувларида билдирилган таклифларни ҳар томонлама таҳлил қилади.
Халқаро тажриба ва экологик назорат
Халқаро атом энергияси агентлиги ёндашувларига мувофиқ, янги атом дастурларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари лойиҳанинг дастлабки босқичлариданоқ ҳисобга олиниши лозим. Бу жараён майдон танлашдан бошланиб, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш, қурилиш ишлари ва объектдан фойдаланиш даврини ҳам қамраб олади. Айниқса, станция ишга туширилишидан олдин ҳудуднинг дастлабки экологик ва радиацион фонини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Чунки кейинчалик барча мониторинг натижалари айнан шу бошланғич кўрсаткичлар билан таққосланади.
Бу борада Беларусь тажрибаси эътиборга лойиқ. Мамлакатда Россия лойиҳаси асосида “ВВЭР-1200” русумидаги реакторлар билан жиҳозланган биринчи АЭС барпо этилган. Бугунги кунда мазкур станция Беларусда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 40 фоизини таъминламоқда. Станция атрофида тўлиқ радиацион-экологик мониторинг тизими йўлга қўйилган. 2024 йил бўйича эълон қилинган мониторинг ҳисоботига кўра, кузатув ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича кўрсаткичлар станция қурилиши босқичида аниқланган дастлабки (“ноль”) радиацион фон кўрсаткичларидан ошмаган. Яъни, жорий мониторинг натижалари объектдан фойдаланиш бошлангунга қадар қайд этилган бошланғич кўрсаткичлар билан таққослаб борилади.
Беларусь АЭС ҳудудида автоматлаштирилган радиацион назорат тизими ҳам ишлайди. Мамлакат Табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу тизим гамма-нурланиш дозаси қувватини ўлчовчи ва спектрометрик датчиклар билан жиҳозланган автоматик кузатув пунктларини ўз ичига олади. Шу билан бирга, “Белгидромет” тармоғидаги дозиметрик станциялар ҳар куни гамма-нурланиш даражасини ўлчаб боради. АЭС таъсир зонасидаги маълумотлар эса автоматик равишда тезкор марказларга узатилади.
Иссиқ иқлим шароитига эга мамлакатлар учун Бирлашган Араб Амирликлари тажрибаси ҳам қизиқарли ҳисобланади. “Барака” АЭСда радиологик-экологик мониторинг биринчи энергоблокка ёқилғи юкланишидан анча олдин бошланган. ENEC маълумотларига кўра, дастур 2014 йил август ойида ишга туширилган бўлиб, илк ҳисобот 2015 йил бошида жамоатчиликка тақдим этилган. Ҳозирда эса мониторинг натижалари йилига икки марта эълон қилиб борилади.
Муҳими, “Барака” АЭСда мониторинг ишлари фақат радиацион фонни кузатиш билан чекланмайди. Ярим йиллик ҳисоботларда тупроқ, ҳаво, денгиз суви, ер ости ва ичимлик сувлари, балиқлар ҳамда бошқа тирик организмлар бўйича таҳлил натижалари ҳам акс эттирилади. Ушбу маълумотлар БААнинг ядро фаолиятини тартибга солувчи федерал органига тақдим этилади.
АЭСда экологик мониторингнинг устувор йўналишлари
Умуман олганда, халқаро тажриба атом электр станцияси нафақат энергия ишлаб чиқариш объекти, балки доимий экологик мониторинг марказига ҳам айланишини кўрсатмоқда. Бундай тизимлар асосида радиацион ҳолат, сув ресурслари, тупроқ, ҳаво, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда атроф-муҳитнинг бошқа таркибий қисмлари мунтазам баҳолаб борилади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда биринчи атом лойиҳасини амалга ошириш жараёнида бир қатор вазифалар устувор аҳамият касб этади. Жумладан, дастлабки экологик ва радиацион фонни шакллантириш, автоматлаштирилган мониторинг тизимларини жорий этиш, мунтазам лаборатория назоратини ташкил қилиш, маҳаллий иқлим ва гидрогеологик шароитларни ҳисобга олиш ҳамда жамоатчилик учун очиқ ва тушунарли маълумотлар тақдим этиб бориш шулар жумласидан.
Мутахассислар таъкидлаганидек, атом энергетикасига нисбатан жамоатчилик ишончи фақат замонавий хавфсизлик технологиялари билан эмас, балки атроф-муҳит ҳолати юзасидан очиқ, мунтазам ва шаффоф назорат асносида ҳам шаклланади. Шу боис, экологик мониторинг АЭСнинг барча фаолият босқичларида лойиҳанинг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА