Аэропорт автопарки янги машиналар билан тўлдирилди
“Uzbekistan Airports” самолёт бортларига ичимлик суви ташиш учун иккита, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчи “MCity”дан иккита ассенизация машиналарини харид қилди.
Компания маълумотларига кўра, махсус транспорт самолётларга ер устида хизмат кўрсатиш вақтини қисқартириш ва ҳаво бандаргоҳининг иш самарадорлигини ошириш учун зарур. Бундан ташқари, яқин кунларда аэропортга имконияти чекланган йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган иккита янги амбулифтлар ҳам келтирилади.

Ҳозирги вақтда “Uzbekistan Airports” махсус транспортларни янгилаш ва модернизация қилиш бўйича режали ишларни амалга оширмоқда. Охирги икки йил ичида “Тошкент” халқаро аэропорти учун 626 миллиард сўмлик махсус техника, жумладан, аэродром мажмуасини тозалаш, самолётларга музлашга қарши ишлов бериш, ҳаво кемаларини шатакка олиш учун универсал машиналар ҳамда контейнерли юк машиналари харид қилинди.

“Uzbekistan Airports” компаниясининг 2024 йилдаги режалари мамлакатнинг халқаро аэропортларини янги турдаги махсус транспортлар ва ҳаво кемаларига ер устида хизмат кўрсатиш воситалари билан тўлдиришни давом эттиришдан иборат.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА.