Адвокатлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Адлия вазири суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида адвокатлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мулоқотда 800 нафардан ортиқ адвокат иштирок этди. Адвокатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарларига ўз фаолиятидаги муаммолар юзасидан тўғридан-тўғри мурожаат қилди.
Мулоқот иштирокчилари томонидан сўнгги йилларда адвокатура соҳасини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ишлар, яъни адвокатлар фаолиятига давлат аралашуви камайгани, одил судловни таъминлашда адвокат фаолияти кафолатлари кучайтирилгани, солиқ юки камайтирилгани таъкидланди.

Лицензияни тугатиш Олий малака комиссиясининг қарорига асосан фақат Олий суд томонидан амалга оширилиши, мажбурий стажировка ўташ муддати қисқартирилганлиги алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга, мамлакатда адвокатлар сони камлиги, соҳада ёш кадрларнинг етишмаслиги, адвокатлар хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлар бир мунча ошганлиги маълум қилинди ва бундай муаммолар келиб чиқиши сабаблари ва уни бартараф этиш режалари тўғрисида фикр алмашилди.
Соҳани ривожлантириш режалари сифатида адвокатура фаолиятини лицензиялаш, гувоҳнома ва ордер олиш, давлат ҳисобидан адвокатларни электрон танлаш, суд-тергов жараёнлари тўғрисида адвокатларни хабардор қилишни тўлиқ электрон тарзда амалга ошириш, барча нормаларни ўз ичига олган тўғридан-тўғри амал қилувчи “Адвокатура ва адвокатлик фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш бўйича ишлар бошланганлиги маълум қилинди.
Мулоқотда адвокатлар адлия, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларига иш фаолияти давомида юзага келаётган муаммо ва тўсиқлар, уларни бартараф қилиш ва соҳани янада ривожлантиришга оид таклиф ҳамда мулоҳазаларини билдирди.
Мулоқот якунида соҳани янада такомиллаштириш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА