Қадринг баланд бўлсин, она тилим
Республика Маънавият ва маърифат марказида мазкур танловларнинг якуний босқичига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда ушбу танловларнинг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан ўзбек тилини ривожлантириш ва халқаро миқёсда нуфузини ошириш, давлат тили сифатида ўқитилишида илғор педагогик фаолиятни қўллаб-қувватлаш, она тилининг ўқитиш методикасини такомиллаштириш мақсадида танловлар эълон қилган эди.
Республика Маънавият ва маърифат марказида мазкур танловларнинг якуний босқичига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда ушбу танловларнинг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берилди.

Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан Маънавият ва маърифат маркази, «Ўзбеккино» агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари билан ҳамкорликда ташкил этилган «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» танловига 1 минг 750 та ижодий иш келиб тушган.
– Танловда кўплаб янги ижодкорлар номларини кашф этяпмиз, –дейди ҳакамлар ҳайъати раиси Исажон Султон. – Бу биз учун қизғин жараён. «Энг яхши бадиий асар» наср йўналишига 125 та, назм йўналишига 712 та, «Энг яхши публицистик мақола» йўналиши бўйича 426 та, ўзбек тилининг хориждаги энг яхши тарғиботи (ўзбек миллатига мансуб ёки чет эл фуқаролари томонидан яратилган, хорижда ўзбек тилини тарғиб қилишга қаратилган илмий, бадиий, мусиқий асарлар ҳамда аудио, видео маҳсулотлар)га қаратилган 75 та, «Энг яхши ижтимоий роликлар» номинацияси учун эса 412 та ижодий иш келиб тушди. Ғолибларни саралаш адолатли бўлишини кўзда тутганмиз. Ҳар бир ишнинг тил қоидаларига эътибор бериб ёзилгани, мазмуни ва бадииятини алоҳида текширяпмиз.

Давлат тилини ривожлантириш департаментининг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликдаги «Ўзбек тилини ўқитишнинг энг яхши методикаси» танловига жами 128 та илмий-ижодий иш тақдим этилган. Уларнинг 30 таси филологик, 45 таси нофилологик, 53 таси эса методик йўналишда бўлиб, аксарияти ўзбек тилида дарс ўтишда инновацияларни қўллаш, ўқувчининг тилга бўлган меҳрини оширишни тарғиб қилган.
Департамент Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда «Ўзбек тили бўйича энг яхши видеодарс» танлови учун ташкилий қўмитага жами 4 минг 308 та видеодарс келиб тушган. 1 минг 634 таси таълим бошқа тилларда олиб бориладиган умумтаълим мактабларида ўзбек тилини ўқитиш, 2 минг 674 таси эса таълим давлат тилида олиб бориладиган мактабларда она тилини ўқитиш йўналишига бағишланган.

Ҳакамлар ҳайъати маълумотига кўра, танлов учун АҚШ, Франция, Россия, Корея Республикаси, Хитой, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Тожикистон сингари ўндан ортиқ мамлакатлардан ижодий ишлар келиб тушган. Бу танловнинг кенг қамровда ўтганини англатса, ўзбек тилининг нуфузини халқаро миқёсда ҳам ошганини билдиради. Бугунги кунга келиб 10 дан ортиқ мамлакатларнинг 65 та нуфузли олий ўқув юртида ўзбек тили ўқитилиши бунга яққол мисолдир.
Таъкидланишича, ғолиб деб топилган муаллифларнинг ишлари тўплам шаклида нашр этилиши, методик ишланмалар амалиётга кенг татбиқ этилиши кўзда тутилган. Танлов натижалари ва ғолибларнинг рўйхати бўйича тақдирлаш маросими Ўзбек тили байрами куни арафасида ўтказилади ҳамда танловнинг расмий сайти ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
