Қадринг баланд бўлсин, она тилим
Халқнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк, бирламчи бойлиги бор.
Бу – унинг тили. Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бирлаштиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат қилади.
1989 йил 21 октябрь. “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлган она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди.
Давлатимиз раҳбари томонидан эса 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармон қабул қилинди. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди.
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг 31 йиллиги ҳамда “Ўзбек тили байрами” кунини нишонлаш қизғин паллага кирмоқда. Бунинг исботини Навоий вилояти божхона бошқармаси шахсий таркиби ташаббуси билан ташкил этилган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остидаги байрам тадбири мисолида кўришимиз мумкин.
Байрамнинг асосий тадбирлари она тилимизнинг буюклиги, жозибадорлиги, бойлиги, бетакрорлиги ва ўзига хос фазилатлари акс этган ўзбек адабиётининг буюк мутафаккир шоирлари, адиблари ва ёзувчиларининг сара асарлари жой олган китоблар кўргазмали савдо ярмаркаси билан бошланди.
Навоий шаҳридаги “Болалар мусиқа ва санъат мактаби”да ташкил этилган тадбирда бугунги кунда она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, буюк тарихга эга она тилимизга мустақил юртимизнинг давлат тили мақоми берилгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлаётгани ҳамда давлат тилида иш юритиш ва унинг ўзига хос фазилатларини сақлаб қолиш бўйича Давлат божхона қўмитаси тизимида ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
Тадбирда “Болалар мусиқа ва санъат мактаби” ёшлари ва вилоятнинг иқтидорли санъаткорлари томонидан она тилимизнинг жозибадорлигини тараннум этувчи энг сара шеърлар, ғазаллардан намуналар ўқилди ҳамда улар асосида яралган мумтоз куй-қўшиқлар ижро этилди.