Қадринг баланд бўлсин, она тилим!
21 октябрь – Ўзбек тили байрами.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами
Конференциянинг мақсади - ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан оширишга ҳисса қўшиш, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш, давлат тилини ривожлантириш борасида халқаро ҳамкорликни жадаллаштиришдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази масъуллари иштирок этди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев она тили миллатнинг руҳи эканлигига эътибор қаратиб , “она тили ҳам ҳар бир давлатнинг мадҳияси, байроғи ва герби каби мамлакат мустақиллигини белгиловчи мезонлардан бири эканини таъкидлади.
Байрам арафасида Президентимизнинг 2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида миллий бойлигимиз, мустақил давлатчилигимиз тимсоли бўлган ўзбек тилида нутқ сўзлаши барча туркий тилли халқлар учун тарихий воқеа бўлиб, барчамизнинг қалбларимизни ғурур ва ифтихор туйғусига тўлдирди.
Она тилимизни ривожлантириш, давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар келажакда миллий маънавиятимизни юксалтириш, жамиятимизда инсоний фазилатларни камол топтириш, ёшларни она тилига муҳаббат руҳида тарбиялашда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Анжуманда шунингдек, иштирокчилар томонидан ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлгани қайд этилиб, сўнгги уч йилда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз бергани айтиб ўтилди. Таъкидландики, “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.
Конференцияда хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз, жумладан, АҚШдаги “Ўзбек-Америка” жамияти раиси Олим Шарипов, Қозоғистон Республикаси “Дўстлик” ўзбеклар этномаданий жамоат бирлашмалари раиси Икром Ҳошимжонов, Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти ўзбеклар маънавият-маърифат маркази раиси Илҳом Юсупов , Туркиядаги туркистонликларга маданий ва ижтимоий ёрдамлашиш жамияти раиси Акбар Ясса ва бошқалар ZOOM онлайн платформаси орқали Ўзбекистонда сўнгги йилларда тилга алоҳида эътибор берилаётгани хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир якунида онлайн мулоқот иштирокчилари ўртасида савол-жавоблар ташкил қилинди.
Тил – миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси, улкан бойлиги сифатида ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этиши яна бир бора қайд этилди.