Адолатни эъзозлаётган аёлларга эҳтиром кўрсатилди
Сурхондарё вилоят судида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, уларнинг қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун жамиятда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланди. Сўнгги йилларда жамиятимиз гултожларининг орзу истакларини рўёбга чиқариши учун давлат ва жамоат ташкилотларида хизмат қилаётган аёллар меҳнати муносиб рағбатлантирилаётгани, хусусий секторда ўз бизнесини йўлга қўйган опа-сингилларимизнинг ғоя ва таклифлари қўллаб-қувватланаётгани, илмий тадқиқотчи ва талаба хотин-қизлар моддий рағбатлантирилаётгани, кам таъминланган, эҳтиёжманд аёлларга ҳар тарафлама кўмак берилаётгани ҳам бунга яққол далилдир.

Вилоятда одил судловни таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизлар улуғланган тантанали тадбирда вилоят суди раиси Аблқосим Рузиқулов юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини оширишга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида сўз юритди. Соҳа фидойилик билан хизмат қилаётган хотин-қизлар меҳнатини алоҳида эътироф этиб, уларни байрам билан табриклади.

– Суд тизимида 41 йилдан буён хизмат қиламан, – дейди Сурхондарё вилоят суди судьяси Дилором Алмуратова. – Сўнгги йилларда суд тизимида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳада биз, хотин-қизларнинг меҳнат қилишимиз учун ҳам кенг имконият яратиб берилди. Байрамлар арафасида камтарона меҳнатларимиз алоҳида эътиборга олиниб, эътироф этилаётганидан фахр ҳиссини туймоқдамиз. Айниқса, кейинги йилларда тизимда хизмат қилаётган хотин-қизлар сафининг сезиларли ортгани жамиятимизда қонун устуворлиги ва гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида юз берган янгиланишлар натижасидир.

Сурхондарё вилояти судларида юзга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Уларнинг ўнга яқини судьялик касбини шараф билан эъзозлаб, одил судловни амалга ошириш ва адолатли жамият барпо этишга муносиб ҳисса қўшаётир.

Тантанали тадбирда соҳада хизмат қилаётган хотин-қизларга вилоят суди раисининг эсдалик совғалари топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири