“Адолат” СДП номзодлари темирйўлчилар билан учрашди
Ташвиқот даври сайловнинг энг муҳим палласи саналади. Бу вақтда сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидалардан келиб чиқиб, фаоллик кўрсатиши, сайловчилар билан кенг кўламда ишлаши, ўзларининг сайловолди дастурлари ҳақида фуқароларга батафсил маълумот етказиши лозим.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига ва Халқ депутатлари Ховос тумани Кенгашига кўрсатилган номзодлар Ўзбекистон локомотив депоси Ховос филиали ходимлари билан учрашди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” дастурида белгилаб қўйилган масалалар ҳақида гап борди. Миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш йўналишида иқтисодиётимизнинг муҳим бўғини ҳисобланган темир йўл логистикаси ва юк ташиш ҳажмини ошириш, хусусан, янги сифатли йўллар, омборлар, саноатни локомотив, юк машиналари, контейнерлар билан таъминлаш, давлат юк айланмаси ва транзит йўлакларининг сиғимини оширишга ёрдам берадиган инвестиция маблағларини жалб этиш тўғрисида билдирилган фикрлар темирйўлчиларга маъқул келди.
Учрашувда партия фаоллари ҳам сўзга чиқиб, барчани 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда фаол иштирок этишга ва “Адолат” СДПга ва унинг номзодларига овоз беришга чақирди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири