“Адолат” партиясида “очиқ эшиклар” куни
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона вилоят кенгашида ўтказилган “Очиқ эшиклар” кунида шаҳар ва туманлар умумтаълим мактабларининг ўқувчи-ёшлари иштирок этди.
Иштирокчилар даставвал сиёсий партия фаолияти билан яқиндан танишди. Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги роли ва ўрни, сайловолди дастурида кўзда тутилган таклиф ва ташаббуслар моҳияти хусусида сўз юритилди.
– Партия фаолиятини 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида кузатиб бордим, – дейди Тошлоқ туманидаги 34-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Абдуносир Қодиров. – Сайловлардан кейинги жараёнларда ҳам партиянинг кўплаб лойиҳаларини оммавий ахборот воситаларида кўрдим. Партия фаолияти менда қизиқиш уйғотди. Бугунги тадбир боис партия ҳақидаги тасаввурларим янада бойиди.
[gallery-994]
Ўқувчи-ёшлар партиянинг ишлаш тартиби, лойиҳалари, ёшларнинг қизиқишига қараб уларни сиёсий жараёнларга тайёрлаш, иқтидорларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш сингари амалий жараёнлари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА