Адолат — инсон қадрининг энг мустаҳкам кафолати
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезони — инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда қонун устуворлиги ва адолат муҳитини мустаҳкамлашдир.
Бу жараёнда суд ҳокимиятининг ўрни беқиёс. Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш билан бирга, инсоннинг адолатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Ушбу ҳужжатнинг энг муҳим жиҳати — суд тизимидаги ислоҳотларнинг марказига инсон тақдирининг қўйилганидир. Чунки одил судловни фақат суд бинолари, янги тартиб-таомиллар ёки рақамли технологиялар билан ўлчаб бўлмайди. Унинг ҳақиқий мезони ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилган инсоннинг адолат қарор топишига бўлган ишончидир.
Фармонда илгари сурилган “халқчил суд” ғояси айнан шу нуқтаи назардан алоҳида аҳамиятга эга. Суд халқдан узоқ, мураккаб ва тушунилиши қийин тизим эмас, балки фуқаронинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиган, уни эшитадиган ва қонуний манфаатларини таъминлайдиган институт бўлиши керак. Шунингдек, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни кучайтириш, судьялар мустақиллигини таъминлаш, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини оширишга қаратилган чоралар қонун устуворлигини амалда таъминлашнинг муҳим шартларидир.
Бугун инсон давлат идорасининг эшигини қоққанда, у ерда навбат ёки бюрократик тўсиқ эмас, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш имкониятини кўриши керак. Суд тизими ҳам шу мезон асосида ривожланиши лозим. “Адолат” социал-демократик партияси учун адолат шунчаки шиор эмас. Бу инсон қадрини ҳимоя қилиш, қонун олдида тенгликни таъминлаш, жамиятда ижтимоий масъулият ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган аниқ позициядир.
Шу боис “Одил судлов – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларнинг самарали амалга оширилишига нафақат ҳуқуқшунослар ёки суд тизими вакиллари, балки фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар ва кенг жамоатчилик ҳам бефарқ бўлмаслиги керак. Зеро, судда қабул қилинган ҳар бир адолатли қарор ортида инсоннинг тақдири, оиласининг хотиржамлиги, унинг эртанги кунга бўлган ишончи туради. Шу маънода, одил судловни таъминлаш ҳуқуқий тизимни такомиллаштиришдан ҳам кенгроқ тушунча. Бу жамиятда адолатга бўлган ишончни қарор топтириш демакдир.
“Одил судлов – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар изчил амалга оширилиши натижасида суд тизими янада халқчил, очиқ ва адолатли бўлиб, инсон ҳуқуқлари қоғоздаги норма эмас, ҳаётдаги ишончли кафолатга айланади. Адолат қарор топган жойда инсон қадри юксалади. Инсон қадри юксалган жамият эса, албатта, тараққий этади.
Нурлибай ҚАЙПБЕРГЕНОВ,
“Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси.
ЎзА