Адлия ва ННТлар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар йили камида бир маротаба соҳавий ҳамда ҳудудий фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказиб борилиши белгиланган.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясида (ЎзННТМА) Адлия вазирлиги Нодавлат нотижорат ташкилотлари бошқармаси масъуллари ҳамда ННТ фаоллари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда давлат органлари билан ижтимоий шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлди.
Самимий ва қизғин руҳда ўтган учрашувда ННТ вакиллари томонидан соҳага оид энг долзарб ва амалий аҳамиятга эга ҳуқуқий масалалар ўртага ташланди. Хусусан, ННТларни қайта рўйхатдан ўтказиш жараёнлари ҳамда учинчи сектор вакилларининг халқаро алоқаларини жадаллаштириш мақсадида, хорижий сафарларга чиқишда адлия органларини хабардор қилиш тартибини соддалаштириш бўйича таклифлар билдирилди. Қолаверса, ННТ фаолиятида маъмурий жавобгарликка сабаб бўлувчи айрим ҳуқуқбузарликлар ва қоидалар борасида ҳам атрофлича тушунтириш берилди.
– ННТ фаолияти учун яратилаётган ҳуқуқий енгилликлар ва тартибларнинг соддалаштирилиши келгусида фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги фаоллигини оширишга ҳамда кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга хизмат қилади, – деди Адлия вазирлиги Нодавлат нотижорат ташкилотлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари А. Махсудов.
Тадбир якунида 2 минг 400 дан ортиқ ННТни ўзида бирлаштирган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига янги аъзо бўлган ташкилотларга аъзолик сертификатлари ҳамда махсус “Welcome box” тўпламлари топширилди.
A.РУСТАМОВ,
ЎзА