Адлия кўмагида тадбиркорларнинг ҳуқуқи тикланмоқда
Наманган вилоятида адлия идоралари томонидан фуқаролар, хусусан тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, қонуний манфатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Мингбулоқ тумани адлия бўлимининг бевосита аралашуви ва амалий кўмаги билан “Мингбулоқ пахта тозалаш” акциядорлик жамиятида ишловчи 14 нафар ходимнинг тўланмаган иш ҳақларини ундиришда Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Натижада тўланмаган иш ҳақларини ундириш бўйича суд буйруқлари чиқарилиб, 59 миллион 633 минг 685 сўм иш ҳақлари ундириб берилди.

Хизматни қилиб, пулини ололмаган тадбиркор қаерга бора

ди? Албатта, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинадиган ташкилотга. Жумладан, “Abduraximjon xoji” хусусий корхонаси раҳбари Поп тумани адлия бўлимига ушбу туманда жойлашган Наманган кўприклардан фойдаланиш унитар корхонасидан кўрсатилган техника хизмати учун ҳақларини ундиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Ҳолат ўрганилганда тадбиркор билан кўприклардан фойдаланиш корхонаси ўртасида тегишли ижара шартномалари тузилиб, бунга асосан 972 миллион сўмлик техник хизматлар кўрсатилган. Бироқ Наманган кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан шартномада белгиланган муддатларда хизмат ҳақлари тўлаб берилмаган. Адлия бўлими томонидан ўрганиш якунлари бўйича тадбиркор манфаатини кўзлаб Чуст туманлараро иқтисодий судига ариза киритилди.
Тадбиркор манфаатига қаратилган мазкур ариза қаноатлантирилиб, иқтисодий суднинг 2020 йил 24 декабрда тадбиркор раҳбарлигидаги “Abduraximjon xoji” хусусий корхонаси фойдасига 972 миллион сўм асосий қарзни ундириш бўйича суд буйруғи қабул қилинишига эришилди.
Поп тумани адлия бўлимига тумандаги қишлоқ хўжалиги, қишлоқ ва сув хўжалиги, кон металлургия ва сервис ҳамда Ғурумсарой иқтисодиёт касб-ҳунар коллежларида фаолият юритиб келган 37 нафар ходим улар билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли моддасига асосан иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилингани, бироқ белгиланган тартибда ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилмаганидан норози бўлиб мурожаат қилишди.
Мурожаатларни ўрганиш давомида коллежлар томонидан хақиқатдан ҳам 37 нафар ходим ва кейинчалик аниқланишича 152 нафар ходимга белгиланган тартибда ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилмаганлиги аниқланди. Ўрганиш якунлари бўйича, туман адлия бўлими томонидан касб-ҳунар коллежлари ходимларига Меҳнат кодексининг 109-моддасига мувофиқ, ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилиши тўғрисидаги тақдимнома киритилди.
Юқорида кўрсатилган коллежлар томонидан Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига кўра, иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинган 152 ходимга 155 миллион 527 минг 648 сўм миқдоридаги ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобланиб, тўлаб берилишига эришилди.

– Ўтган йилнинг 11 ойи мобайнида Наманган вилояти адлия бошқармаси ҳамда унинг тизимидаги идоралар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг 3 минг 122 мурожаати кўриб чиқилиб, шундан 2 минг 744 таси ҳал этилди, – дейди бошқарма бошлиғи Хайрулло Собиров. – Шу жумладан, 2 минг 205 мурожаат қаноатлантирилди. 539 мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунча ва тавсиялар берилди. Ҳозирга қадар келиб тушган мурожаатлардан 230 ҳолатда уларни кўриб чиқиш учун тегишли ташкилотлар мутасаддиларига юборилди. Мазкур мурожаатларни ҳам белгиланган тартибда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА