Қадимий қовун навлари қандай сақланади?
Бундан 2000 йил илгари ҳам заминимизда қовун етиштирилган. Деҳқонларимиз замонлар оша ўзига хос қовунчилик мактабини яратган.
Бундан 2000 йил илгари ҳам заминимизда қовун етиштирилган. Деҳқонларимиз замонлар оша ўзига хос қовунчилик мактабини яратган. Бугунги кунда эса қадимий қовун навлари генофондини сақлаш, экспортбоп навларни иқлимга мослаштириш соҳа ходимларининг асосий вазифаларидан саналади.
Таъкидлаш жоизки, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида қовуннинг 350 дан ортиқ маҳаллий нави сақланмоқда. Институтнинг селекционер олимаси, қовун ва тарвузнинг кўплаб янги навлари муаллифи, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Мастура Ҳалимова қовуннинг маҳаллий нав намуналарини ўрганиш, генофондини сақлаш ва экспортбоп, серҳосил навларини ажратиш борасида тадқиқотлар олиб боради.
– Республикамизнинг турли воҳаларида ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, Фарғона воҳаси учун тайёрланган бир қатор нав намуналари орасида гули, этининг ранги бошқачароқлари учради, – дейди М.Ҳалимова. – Ўрганилган навлар ичида Лўнда ҳандалак, Ола замча, Оқ ҳандалак, Суюнчи-2, Наманган босволдиси навлари ўзининг серҳосиллиги, эрувчан қуруқ моддасининг юқорилиги билан ажралиб турди.
Шунингдек, Зарафшон ва Хоразм воҳаси учун бир қатор навлар устида иш олиб борилмоқда. Ажратиб олинган якка танлов уруғлар таҳлил қилиниб, генофондда сақлаш учун бир қисми олиб қўйилган. Ушбу танловлар келажакда янги қовун навлари учун бошланғич манба вазифасини ҳам ўтайди. Шу тариқа келажак авлодларга қадимий ва ва янгиланиб бораётган қовун навлари етказилади.