Адабий танқид кенгаши фаолияти таҳлил этилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Aдабий танқид кенгашининг 2024 йил учун ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Уюшманинг Адабий танқид кенгаши раиси Нурбой Жабборов мазкур йиғилишда ёшлар билан бирга устоз адабиётшунослар иштирок этаётгани етук мунаққидларнинг тажрибасини ўрганиш, асарларни таҳлил этиш кўникмасини шакллантиришда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директорининг ўринбосари, навоийшунос олим, профессор Мақсуд Aсадовнинг айтишича, 2024 йил мумтоз адабиёт бўйича салмоқли китоблар, тўпламлар, рисолалар, тадқиқотлар нашр этилди.
Албатта, улардан энг йириги "Алишер Навоий энциклопедияси" алоҳида ўрин эгаллайди. Унда Навоий сиймоси ва унинг атрофидаги барча маълумотлар мужассам. Айни пайтда Боқижон Тўхлиев, Нусратилла Жумахўжаев, Ҳамидулла Болтабоев каби адабиётшунос олимлар ҳақида китоблар чоп этилди. Иброҳим Ҳаққулнинг 75 йиллигига бағишлаб "Сўзбоши: ирфон ва ишонч" номли китоби нашр этилди.

Шунингдек, навоийшунослик, мумтоз адабиётга оид кўплаб тадқиқотлар, китоблар, илмий нашрлар чоп этилди. Айни пайтда миллий уйғониш, жадидчилик, жадид адабиёти бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борилди.
Йиғилишда атоқли адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев замонавий адабий танқидга доир китоблар хусусида сўзлаб, ўз таҳлили давомида 13та китобни ўқиб чиққанини қайд этди. Айни ўрганиш натижасида бугун ҳам замонавий адабиётда адабий танқидчилик фаол ривожланиб бораётганини алоҳида эътироф этди.

Тадбирда шунингдек, профессор Дилмурод Қуронов матбуотда адабий-танқидий мақолалар, ёш тадқиқотчи Отабек Сафаров интернет нашрларидаги танқидий-таҳлилий материаллар ҳақида батафсил тўхталди.
Йиғилишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабий танқид кенгашининг жорий йилдаги режалари белгилаб олинди.
Н.Усмонова,
ЎзА