Адабий танловларнинг ғолиблари тақдирланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорларида “Абдулла Орипов издошлари”, "Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони” кўрик-танловларининг туман-шаҳар, вилоят ва Республика босқичларини ташкил этиш белгиланган эди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Халқ таълими вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда кўрик-танловларнинг туман ва шаҳар, вилоят босқичларини ўтказди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати маълумотига кўра, 2021 йил апрель ойида Республикамиздаги 206 та туман ва шаҳарда танловларнинг биринчи босқичи ўтказилди. Мамлакатимиздаги 9000 га яқин мактаб мазкур танловларга жалб этилди. Танловнинг вилоят босқичига ҳар бир туман ва шаҳардан 2 нафар ғолиб йўл олишди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёўувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ва бошқалар мамлакатимизда миллий адабиётимизни равнақ топтириш, китобхонлик ривожига алоҳида рағбат ва эътибор кўрсатиш, устоз ёзувчи ва шоирларнинг ижодини мукаммал ўрганиш масаласи доимий эътиборда эканини таъкидлади.

Мазкур танловда юртимиз ўқувчи-ёшлари ғоят фаол қатнашгани уларнинг китобга, адабиётимизга бўлган эътибори , меҳри ва ихлоси тобора ортиб бораётганининг яна бир амалий ифодасидир. Танлов жараёнида атоқли адиблар номи билан аталувчи ижод мактабларидан ҳам вилоят босқичига бир нафардан иштирокчи йўлланмани қўлга киритди.
Танловнинг вилоят босқичи май ойининг иккинчи ярмида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларда бўлиб ўтди. “Абдулла Орипов издошлари” кўрик-танлови бўйича бир нафар, “Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони” кўрик-танлови бўйича бир нафар, атоқли адиблар номи билан аталувчи ижод мактабларидан ҳам худди шундай икки нафардан, жами Республика босқичига 46 нафар иштирокчи етиб келди.

Танловларнинг республика босқичи ҳам адабиёт, шеърият, нафосат байрами тарзида бўлиб ўтди.
Мазкур танловнинг республика босқичи иштирокчиларини саралаш учун танлов комиссияси томонидан викторина саволлари тўпланиб, шу орқали иштирокчиларнинг билимлари синовдан ўтказилди. Фахрли ўрин соҳибларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг қимматбаҳо совғалари ва дипломлар топширилди.

Танлов иштирокчиларининг барчасига уюшма томонидан чоп этилган китоблар жамланмаси тақдим этилди. Аслида бу танловда иштирок этган барча ўқувчилар ғолибдир.
Негаки, улар ўз билими, иқтидори, изланишини адабий жамоатчиликка намойиш этишга, ўз устида янада кўпроқ ишлаш ва изланишга астойдил аҳд қилгани диққатга сазовордир.

Назокат Усмонова, ЎзА