Адабий танқидга эътибор ортмоқда
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабиётшунослик ва адабий танқид кенгаши фаолиятининг 2019 йил якунларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабиётшунослик ва адабий танқид кенгаши фаолиятининг 2019 йил якунларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саййид адабиётимизда У.Норматов, А.Расулов, Н.Раҳимжонов, Б.Назаров, Қ.Йўлдошев, Ҳ.Болтабоев, Қ.Қаҳрамонов, С.Мелиев, Д.Қуронов, А.Улуғов, Б.Каримов ва У.Жўрақулов каби бир қатор ижодкорларнинг чиқишларида замонавий ўзбек адабиётшунослиги учун зарур илмий, назарий-эстетик мезонларини кўп бор таклиф этаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади.
Тадбирда уюшманинг бир йиллик адабиётшунослик бўйича бажарилган ишлари, тайёрланган монография, рисола ва мақолаларда кўтарилган долзарб мавзулар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, ўтган йил давомида ўзбек адабиётшунослигида бажарилган ишлар, эришилган натижалар ва учраётган муаммолар танқидий таҳлил қилинди.
– Бир йиллик фаолиятни сарҳисоб қилиш муайян хулосалар чиқаришга ёрдам беради, – деди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Узоқ Жўрақулов. – Айтиш мумкинки, бугун ўзбек адабиётида ижобий ўзгаришлар бўлмоқда. Жумладан, кўплаб ижодкорларнинг асарлари нашр этилди. Хусусан, танқидий ва публицистик руҳдаги ишлар кўрина бошлади. Адабиётшунослик маълум маънода ўзини ўнглаб олиш арафасида турибди. Бироқ камчиликларимиз ҳам йўқ эмас. Чоп этилаётган асарлар тизимли тарзда баҳоланиб борилиши керак.
Йиғилишда адабиётшунослик ва адабий танқид кенгашининг жорий йилдаги фаолиятига оид режалари кўриб чиқилди.