Шу кунларда АҚШнинг Миссури штати маркази Сент-Луис шаҳрида ўтаётган “Saint Louis Rapid & Blitz-2024” турнирида дунёнинг етакчи 9 нафар шахматчиси қаторида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ҳам кучлилар қаторидан жой олиш учун дона сурмоқда.
Турнирда Фабиано Каруана (АҚШ, рапид 2777/ блиц 2795), Ян Непомняший (Россия, 2753/ 2777), Хикару Накамура (АҚШ, 2746/2874), Леньер Домингес (АҚШ, 2693/2651), Уэсли Со (АҚШ, 2735/2782), Рамешбабу Прагнанандха (Ҳиндистон, 2688/2693), Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистан, 2732/2669), Левон Аронян (АҚШ, 2754/2727), Алиреза Фирузджа (Франция, 2731/2869), Максим Вашье-Лаграв (Франция, 2747/2795) иштирок этмоқда.
Мукофот жамғармаси 175 минг АҚШ долларидан иборат турнир 135 та ўйиндан иборат бўлиб, рапид мусобақаларнинг тўққиз турини, кейин эса ўн саккиз турдан иборат блиц баҳсларини ўз ичига олган.
Бугунгача нуфузли мусобақанинг рапид мусобақаларининг 6 та тури ортда қолди.
Ўтказилган 6 та тур ўйинлари сарҳисобига кўра, Ян Непомняший, Алиреза Фирузджа, Максим Вашье-Лаграв 8 очко билан етакчилик қилаётган бўлса, ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов Хикару Накамура, Уэсли Со, Фабиано Каруана, Рамешбабу Прагнанандха қаторида 5 очко билан 6-10-поғоналарда бормоқда.
Бугун, 14 август куни турнирнинг 7- ва 8-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Нодирбек Абдусатторов 7-турда оқ доналарда Левон Аронян билан куч синашса, 8-турда турнир етакчиси Ян Непомняшийга қарши қора доналарда ҳаракатланади.
Айтиш лозим, "Grand Chess Tour" тизимидаги мазкур нуфузли мусобақада шахматчилар қайси ўринни эгаллашидан қатъий назар мукофот жамғармасида назарда тутилган маблағларга ва керакли рейтинг балларига эга бўлади.
Мусобақалар 16 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА