Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”да март ойининг энг яхши футболчиси деб топилди
Англиянинг “Манчестер Сити” клубида ўйнаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов март ойи якунларига кўра жамоанинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди.
Мухлислар ўртасида ўтказилган овоз бериш натижаларига кўра, ҳамюртимиз жамоадошлари — Родри ҳамда Жереми Докуни ортда қолдириб, ишончли ғалабани қўлга киритди.
Абдуқодир Ҳусанов ўтган ой давомидаги учрашувларда барқарор ва ишончли ўйини билан ажралиб турди. Айниқса, унинг ҳимоядаги фаоллиги, тўп учун курашлардаги устунлиги ва майдондаги юқори тезлиги “шаҳарликлар” мухлислари эътирофига сазовор бўлди.

Қайд этиш жоиз, мазкур мукофот А.Ҳусанов учун 2026 йилдаги иккинчи соврин ҳисобланади. У жорий йил январь ойида ҳам клубда ойнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган эди. Ўтган йили эса февраль ойининг энг яхши футболчиси бўлган эди.
Дарвоқе, бу мавсумда Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» сафида 21 та ўйинда майдонга тушди.
Маълумот учун, жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиола бошчилигидаги “Манчестер Сити” 4 апрель куни Англия кубоги доирасида Ливерпуль жамоасига қарши майдонга тушади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА