
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Англиянинг «Манчестер Сити» клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов 21 март куни «Янги Ўзбекистон» боғида бўлиб ўтган Наврўз байрами шодиёнасида иштирок этди.
Тадбир якунида Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ўз имзоси туширилган «Манчестер Сити» либосини совға қилди.
Абдуқодир Ҳусанов шу кунга қадар «Манчестер Сити» сафида Англия Премер-лигаси, Англия кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида жами 8 та ўйинда майдонга тушиб, битта гол уришга муваффақ бўлди.

Шунингдек, 20 март куни Қирғизистон термасига қарши баҳсда миллий терма жамоамиз сафида муваффақиятли ўйин ўтказди. 25 март куни эса сафарда Эронга қарши ўйинда иштирок этиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида, яқинда «Transfermarkt» портали АПЛ футболчиларининг янгиланган трансфер нархларини эълон қилган эди. Унга кўра, Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер қиймати 35 миллион еврога етиб, бирданига 23 миллион еврога ошди. Натижада у Англия Премьер-лигасида нархи энг кўп кўтарилган футболчилар орасида тўртинчи ўринни эгаллади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА