Абдулла Қаҳҳорнинг ноёб топилмаси
Ўзбек адабиётида наср алоҳида аҳамият касб этади. Гарчанд, романчилик мактаби Қодирий ижоди билан шаклланган бўлса-да, бунда кичик жанрлар, қисса ва ҳикоялар ҳам ўз салмоғига эга. Хусусан, ўша мактабдан сабоқ олган Абдулла Қаҳҳор ўзбек адабиётида ҳикоячиликни янги босқичга олиб чиқди. У том маънода ҳақиқий сўз санъаткорига айланди.
Асл истеъдод торликда намоён бўлади, кенгликда ҳар ким ҳам ниманидир исботлашга уриниши мумкин. Яъни ҳақиқий ижодкор кам сўз сарфлаш орқали улкан бадиий маҳорат намоён эта олади. А.Қаҳҳор айни шундай улкан истеъдод соҳиби эди. У ўз асарларида нафақат моҳир реалистик тасвирни, балки ноёб топилмаларни ҳам қўллаган. Масалан, унинг “Асрор бобо” ҳикоясида иккинчи жаҳон урушининг кишилар ҳаётига таъсири ўзига хос услубда ифодаланган. Асрор бобонинг ўғлидан қора хат келгач, чол уни кампиридан яшириб яшайди. Мақсад – унинг қалбини асраш. Даҳшатлиси шуки, бундан кампир ҳам хабар топган, аммо у ҳам буни чолидан сир тутиб яшайди. Иккови ҳам буни бир-биридан яшириб яшашади-ю, иккиси ҳам бу машъум хабардан хабардор эканлигини хаёлига ҳам келтирмайди.
Бу ҳикоядаги А.Қаҳҳорнинг топилмаси ўқувчини ҳайратлантирмай қолмайди. Ундан-бундан ўртоғи билан суҳбатлашиб ўтирган Асрор бобо бирдан қизиқ савол бериб қолади: “Қарибманми, қорайибманми?”
Бунда муаллиф қаримоқ ва қораймоқ феъллари ёрдамида тажнис санъатини қисман қўллаш орқали Асрор бобонинг ғамини ҳам шу саволда ифодалашга муваффақ бўлади. Гўё ғам мени қорайтирмабдими демоқчидай, Асрор бобо. Хўш, кекса бир киши бизга шундай савол билан юзланса, қандай жавоб берар эдик? Албатта, тайинли жавобимиз йўқ. Йўқ десак, қарилиги аён бўлиб қолган чолнинг ғашини келтирган бўламиз, қарибсиз ё қорайибсиз десак, барибир кўнглига тегиб қўйишдан тийиламиз. Ўртоғининг жавоби эса том маънода ижодкорнинг кенг тафаккури маҳсули бўлган ноёб топилмадир. Ошнаси: “майиз бўлибсан” деб жавоб беради. Қисқагина шу жавобда ҳам реал тасвир, ҳам ўзига хос рамзийлик мужассам.
Майизни кўз олдимизга келтирсак, дарҳақиқат муаллиф топилмасига қойил қолишдан бошқа чора қолмайди. Чунки у ҳам узумнинг энг ширин, яъни том маънодаги қариган, қорайган ҳолати. Муаллиф бу жавоб орқали ҳам айни ҳолатни реал тасвирлашни, ҳам Асрор бобонинг кўнглига тегмайдиган жавоб топишни уддалаган.
Хулоса қилиб айтганда, биргина шу кичик ҳикоя ўзида улкан ғоялар-у юксак бадиий маҳоратни намоён эттирган. А.Қаҳҳорнинг бошқа ҳикоялари ҳам ҳажман кичиклиги, аммо пишиқлиги билан ажралиб туради. Бунинг сабабини адибнинг аёли Кибриё Қаҳҳорова хотираларида шундай изоҳлайди:
“А.Қаҳҳор ярим қоғоз нарса ёзса ҳам уни қайта-қайта таҳрирларди. Ҳатто баъзан шу ярим қоғозлик нарсани бир ёки икки гапга айлантирарди холос”.
Кўриниб турибдики, Қаҳҳорнинг маҳоратини янада теран англашимиз учун унинг асарларини кўпроқ мутолаа қилишимиз ҳамда бугунги ёш ижодкорларга буни муносиб англатмоғимиз лозим. Шундагина аждодларимиз меросига муносиб ҳурмат кўрсатган, келажагимизга эса мустаҳкам пойдевор қўйган бўламиз. Зеро, улуғ жадид бобокалонимиз Абдулҳамид Чўлпон айтганидек: “адабиёт яшаса, миллат яшайди”.
Шербек Исломов, ЎзА