Аҳоли саломатлиги – энг муҳим вазифа
Сирдарё вилояти Гулистон туманида Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг малакали ҳамда вилоят тиббиёт муассасаларининг етакчи мутахассислари ҳамкорлигида 2 ҳафта давомида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Сирдарё вилояти Гулистон туманида Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг малакали ҳамда вилоят тиббиёт муассасаларининг етакчи мутахассислари ҳамкорлигида 2 ҳафта давомида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Президентимиз жорий йил Сирдарёга ташрифи давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигига вилоят аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш борасида топшириқ берган эди.
“Бор меҳримиз шу халқ ва Ватан учун!” шиори остида ўтказилган ушбу чуқурлаштирилган тиббий кўрик – 18 турдаги тор соҳа мутахассисларидан ташкил топган терапевт, педиатр, жарроҳ, акушер-гинеколог, травматолог, пульмонолог, аллерголог, невропатолог, нейрохирург, гастроэнтеролог, дерматолог, уролог, онколог, эндокринолог, офатльмолог, кардиолог, инфекционист ва УТТ шифокорлари гуруҳи томонидан амалга оширилди.

Туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари томонидан кўп тармоқли марказий ва қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳамда қишлоқ врачлик пунктларида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши учун барча зарур шароитлар яратиб берилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Аҳолини кам таъминланган, эҳтиёжманд қатламига мансуб ногиронлар, ўзгалар қаровига муҳтож якка-ёлғиз қариялар, ётиб қолган ҳамда диспансер назоратида турган фуқароларнинг рўйхати тўлиқ шакллантирилиб, тумандаги 35-40 ёшдан юқори бўлган 20 минг 92 нафар фуқаролар орасида скрининг сўровномаси ўтказилди.
Кўрик давомида, замонавий инновацион технология намунаси ҳисобланмиш “глюкомер” билан аҳоли қонидаги қанд миқдори аниқланди ва кўрсаткичлари юқори бўлган фуқароларга зарур кўрсатма, маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, юрак қон томири, қандли диабет, ўсма ва онкологик, урологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича аҳоли ўртасида сўровномалар ўтказилиб, натижаси уларнинг амбулатория карталарига қайд этиб қўйилди.
– Туманимизда 74 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди Гулистон тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Алишер Эркабоев. – Аҳоли соғлиғини сақлаш йўлида 78 нафар шифокор, 780 нафар ҳамшира ва 450 нафардан ортиқ кичик тиббиёт ходимлари меҳнат қилмоқда. Ҳудудда 1 та туман марказий шифохонаси, 1 та юқумли касалликлар бўлими, 1 та туғруқ комплекси, 4 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 4 та қишлоқ врачлик пункти ҳамда 1 та кўптармоқли поликлиника фаолият юритади.

Ушбу жараёнда туман аҳолисининг 93 фоизи ёки 73 минг 476 дан ортиғи чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, республика ва вилоят даражасидаги мутахассислардан зарур ва ишончли кўрсатма, тавсия маслаҳатларни олишди. Кўрикдан ўтказилган беморларнинг 40 нафарига Тошкент шаҳридаги республика шифохоналарига, 88 нафарига маҳаллий шифохоналарга даволанишлари учун йўлланмалар берилган бўлса, 10 минг 888 нафар беморга қабул жойининг ўзида аниқ ташхис қўйилиб, зарур муолажалар қилинди.
– Ушбу жараёнларга жиҳоз ва дори дармонлари ўзида мавжуд бўлган мобиль транспорт воситаси – 2 та офтальмологик махсус тиббий автомашина шифокорлардан ташкил топган махсус бригадаси билан ётиб қолган беморларнинг ҳам уйларига бориб, тиббий кўрикдан ўтказилди, – дейди Гулистон тумани тиббиёт бирлашмаси аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлим мудири Санобар Маҳмудова. – “Бор меҳримиз шу халқ ва Ватан учун!” шиори остида ўтказилган ушбу чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Соғлом овқатланиш”, “Биз гиёҳвандлик ва чекишга қаршимиз!” кўргазмалари, “Саломатлик майдончаси” викторинаси, “Спорт – соғлом ҳаёт кечиришнинг асоси” шиори остида спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди. Викторина ҳамда спорт мусобақалари ғолиб, совриндор ва турли номинациялар соҳиблари муносиб тақдирланди.
Бундан ташқари, ўтказилган тадбирлар жараёнида аҳолига 10 мингдан ортиқ республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан нашр этилган соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи махсус буклет ва эслатмалар ҳам тарқатилди.