Элликқалъа туманида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида ўтказилган меҳнат ярмаркасида 132 корхона, ташкилот ва муассаса 386 бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида ўтказилган меҳнат ярмаркасида 132 корхона, ташкилот ва муассаса 386 бўш иш ўрни билан иштирок этди.Қорақалпоғистон Республикаси меҳнат вазири У.Сабуров, Элликқалъа тумани ҳокими Н.Худойберганов ва бошқалар аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун зарур шароит яратиш, касб-ҳунарга йўналтириш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан эканини алоҳида таъкидлади.
Меҳнат ярмаркасида 50 га яқин касб-ҳунар коллежи битирувчисига мутахассислиги бўйича ишга йўлланма берилди.
– Жорий йилда Элликқалъа тиббиёт коллежини тугатаман, – дейди Назокат Нураддинова. – Ярмаркада эгаллаётган мутахассислигим бўйича ишга жойлашиш учун йўлланма олдим. Келгусида туман тиббиёт бирлашмасида инсон саломатлигини мустаҳкамлашдек шарафли ишга ҳисса қўшишдан фахрланаман.
Меҳнат ярмаркасида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. 15 нафар коллеж битирувчисига банклардан имтиёзли кредит олиш учун сертификат топширилди.
Жорий йилда Элликқалъа туманида қабул қилинган бандлик дастури асосида саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 3 минг 500 га яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда.
Худди шундай меҳнат ярмаркаси Нукус шаҳрида ҳам ўтказилди.