9-синф битирувчиларини техникумларга қабул қилиш жараёни бошланди
Жорий йил 1 июлдан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларининг 2026 йилги 9-синф битирувчиларини техникумларга қабул қилиш жараёни расман бошланди.
Абитуриентлар my.edu.uz электрон платформаси орқали 1 июлдан 20 июлга қадар (шу куни ҳам) онлайн тарзда рўйхатдан ўтиб, республикадаги 570 та техникумнинг кундузги ёки дуал таълим шаклларига ҳужжат топширишлари мумкин.
Онлайн рўйхатдан ўтишда қуйидаги ҳужжатлар маълумотлари киритилади:
туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (ўқувчининг 3х4 ҳажмдаги фотосурати билан) ёки ID-карта маълумотлари;
мактабнинг 9-синфини тамомлаганлик тўғрисидаги электрон шаҳодатнома маълумотлари.
Жорий қабул доирасида 9-синф битирувчилари учун 166 та касб-ҳунар йўналиши бўйича ҳужжат топшириш имконияти яратилган. Умумий қабул квотаси 202 657 ўринни ташкил этади.
Қайд этилишича, 9-синф битирувчилари учун ажратилган барча қабул ўринлари тўлиқ давлат гранти асосида шакллантирилган.
Шунингдек, 14 та Илғор касбий маҳорат техникумида 27 та касб ва мутахассислик бўйича ҳам қабул амалга оширилади. Ушбу таълим муассасалари учун умумий қабул квотаси 1 760 та бўлиб, шундан 1 640 таси давлат гранти асосида ажратилган.
Мутасаддилар абитуриентларга ҳужжатларни белгиланган муддатда электрон платформа орқали расмийлаштиришни тавсия этмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА