9-11 ноябрь кунлари айрим метан шохобчалари фаолияти вақтинча чекланиши мумкин
Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди. Унда қайд этилишича, "Ўзгидромет" маълумотларига асосан 9- 11 ноябрь кунлари республикада ҳаво ҳарорати пасайиб, ёмғир, шимолий ва тоғли ҳудудларда эса қор ёғиши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда тунги ҳарорат - 7 даражагача тушиши мумкин.
Совуқ об-ҳаво шароитида энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Газ таъминотида аҳоли хонадонлари, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий объектларга устуворлик берилади.
Зарур ҳолларда мавсумий истеъмолчилар, жумладан, автомобилларга газ қуйиш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча чекланиши мумкин. Чекловлар ҳокимликлар билан келишилган тасдиқланган график асосида жорий этилади ва истеъмолчилар олдиндан хабардор қилинади.
Газ таъминотидаги муаммолар бўйича 1104, газ авария хизматига 104, электр таъминотидаги узилишлар юзасидан 1154 рақамларига мурожаат қилиш мумкин.
Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳақида "Ўзэнергоинспекция"нинг +998 71 208-10-15 рақами орқали хабар бериш мумкин.
Шунингдек, газ ва иситиш жиҳозлари, мўри ҳамда шамоллатиш тизимларининг созлигини текшириш, газ плитасида хонани иситмаслик, электр тармоқларига ортиқча юклама бермаслик ва иситиш қурилмаларини назоратсиз қолдирмаслик зарур.
Энергия ресурсларидан тежамкор фойдаланиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя этиш муҳим аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА