8 сентябрь — Халқаро турналар куни
Турналар табиатнинг бетакрор тимсоли, узоқ масофаларни босиб ўтувчи, биологик хилма-хилликни таъминловчи ва кўплаб халқлар маданиятида тинчлик, садоқат ва фаровонлик рамзи сифатида эъзозланадиган ноёб қушлардир. 8 сентябрь Халқаро турналар куни сифатида ушбу қушларни асраш, уларнинг яшаш ва кўчиб ўтиш ҳудудларини муҳофаза қилиш, шунингдек, жамоатчиликнинг табиатни муҳофаза қилиш борасидаги хабардорлигини оширишга хизмат қилади.
Турналарнинг кўплаб турлари дунёнинг турли ҳудудларида учрайди ва улар мавсумий миграция қилади. Яъни, кўпайиш ҳудудларидан қишлаш жойларига, кейин эса яна орқага минглаб километр масофани босиб ўтади.
Уларнинг ҳаёти ботқоқликлар, кўллар, дарё водийлари, даштлар ва бошқа табиий ҳудудлар билан чамбарчас боғлиқ. Шу сабабли турналарни муҳофаза қилиш нафақат битта қуш турини, балки бутун экотизимни асрашни англатади.
Халқаро Табиатни Муҳофаза Қилиш Иттифоқи (IUCN) турналарни дунёдаги энг қадимий ва ўзига хос қушлар гуруҳларидан бири сифатида қайд этиб, уларга жиддий таҳдидлар мавжудлигини таъкидлайди.
Турналарнинг кўчиши табиатдаги энг ҳайратланарли жараёнлардан биридир. Миграция даврида қушлар йўл-йўлакай дам олиш, озиқланиш ва куч тўплаш учун муайян ҳудудларга тўхтайди. Шунинг учун уларнинг фақат кўпайиш ёки қишлаш жойларини эмас, балки бутун миграция йўлини муҳофаза қилиш муҳим.
Бирор бир кўл, ботқоқлик ёки дашт ҳудудининг йўқолиши қушларнинг узоқ миграция занжиридаги муҳим бўғиннинг узилишига олиб келиши мумкин. IUCN маълумотларида ҳам турналарни муҳофаза қилишда кўпайиш, вақтинча тўхташ ва қишлаш ҳудудларини биргаликда асраш, миграция йўлларини ўрганиш ҳамда мунтазам мониторинг олиб бориш муҳим чоралар сифатида кўрсатилади.
Бугунги кунда экологик муаммолар кенг тус олиши баробарида турналар учун ҳам муайян хавфлар юзага келмоқда. Жумладан, яшаш муҳитларининг қисқариши ва бузилиши — ботқоқликларнинг қуритилиши, қишлоқ хўжалиги ерларининг кенгайиши, сув режимининг ўзгариши ва инфратузилманинг ривожланиши қушларнинг озиқланиш ҳамда дам олиш ҳудудларини қисқартирмоқда.
Бундан ташқари, ноқонуний ов, заҳарланиш, инсон фаолиятидан келиб чиқадиган безовталик ва электр узатиш тармоқлари ҳам айрим турлар учун жиддий хавф туғдиради. IUCN Турналар бўйича мутахассислар гуруҳи турналарга таъсир кўрсатувчи асосий омиллар қаторида яшаш муҳити йўқолиши, заҳарланиш, ов ва инсон фаолиятининг кучайишини кўрсатади.
Айрим турларнинг ҳолати эса янада жиддий. Масалан, сарус турнаси яшаш муҳитининг йўқолиши сабабли камайиш хавфига дуч келмоқда. Жануби-Шарқий Осиёда ботқоқликларнинг қишлоқ хўжалиги ва бошқа мақсадларда ўзлаштирилиши унинг яшаш ҳудудларини сезиларли даражада қисқартирган.
Ботқоқликларни муҳофаза қилиш турналарни муҳофаза қилиш демакдир. Чунки турналар ҳаётида ботқоқликлар алоҳида аҳамиятга эга. Бу ҳудудлар улар учун озиқланиш, дам олиш ва кўпайиш учун қулай шароит яратади. Бироқ дунёда табиий ботқоқликлар жиддий қисқармоқда. IUCN маълумотларига кўра, 1970–2015 йиллар оралиғида дунёдаги табиий ботқоқликлар майдони ўртача 35 фоизга қисқарган. Шу боис, турналарни муҳофаза қилиш дастурларида ботқоқликларни тиклаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш муҳим ўрин тутади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Халқаро турналар куни табиат олдидаги масъулиятимизни эслатувчи муҳим кундир. Қушлар фойдаланадиган сув-ботқоқлик ҳудудларини сақлаш, уларнинг миграция йўлларини ўрганиш, мунтазам кузатувлар олиб бориш ва аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш алоҳида аҳамиятга эга. Турналарни муҳофаза қилишда давлат ташкилотлари, олимлар ва экологик ташкилотлар билан бир қаторда фуқароларнинг ҳам иштироки муҳим. Бунинг учун табиий сув ҳавзалари ва ботқоқликларни ифлослантирмаслик, ёввойи қушларни овламаслик ва безовта қилмаслик, табиат қўриқхоналари ва муҳофаза этиладиган ҳудудларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ёш авлодда табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш долзарб вазифаларимиздандир.
Муҳтарама Комилова, ЎзА