76 марта йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчи
Амалдаги қонунчиликка кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарима солиш ҳақидаги қарор чиқарилган кундан эътиборан 60 кун ичида тўлаб қўйиш қатъий белгиланган.
Агар ана шу давр мобайнида белгиланган жарима тўланмаса, тўпланган ҳужжатлар Мажбурий ижро бюроси органларига юборилади.
Бюро органларига келиб тушган ҳар бир ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида қарор қабул қилиниб, давлат ижрочиси томонидан қарздорликни ундириш чоралари кўрилмоқда. Ўтказилаётган тадбирлар давомида “ҳеч ким билмайди ёки кўрмайди” қабилида иш тутиб юрган ҳайдовчилар ҳам аниқланмоқда. Жумладан, Дамас русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси М.Қ. ана шундай олғирлардан бўлиб чиқди. У йўл ҳаракати қоидаларини 76 маротаба бузган, 30,8 млн. сўм қарздорлик аниқланган. Бу бўйича ҳужжатлар Бюро органларига юборилган. Давлат ижрочиси томонидан қарздорликни бартараф этиш юзасидан огоҳлантирилган. Бироқ ҳайдовчи қарздорликни бартараф этиш ўрнига машинани яширинча миниб юрган. Олиб борилган тадбир давомида транспорт воситаси қарздорликни тўламагани учун вақтинча жарима майдончасига тортилди.
ЎзА