750 йиллик сир: Бир вақтлар Оксфордда китоб олтиндан қиммат эди
Тасаввур қилинг: сукунат ҳукмрон тор йўлак, ёғоч ҳидига тўйинган ҳаво ва қадимий китоблар қатори. Оддий кутубхона эмас, балки Оксфорд университети ҳудудида жойлашган, асрлар давомида синоатини яшириб келаётган ўрта аср мўъжизаси.
Бу ерда вақт тўхтагандек. Кўҳна девор нафақат китоблар, балки бутун бир давр руҳини сақлаб туради. Мазкур иншоот шунчаки мутолаа жойи эмас, ўтмиш билан бугунни боғловчи рамзий кўприк.

Ўрта асрларда китоб бойлик саналган. Яхши асарни йўқотиш ёки ўғирлаш хавфи жуда юқори бўлган. Шу боис кутубхона ашёлари занжир билан жавонга маҳкамлаб қўйилган. Ҳа, билим ҳам занжирланган эди – ҳимоялаш учун.
Оксфорд кутубхонасига кирган одам ўқиш асносида ўтмишга қайтади. Қўлёзмалар орасида талаба ёки олим ўша давр инсонларининг фикрлаш тарзини ҳис қилади. Ҳар бир саҳифа – ортдан келаётган овоз.
Бу масканда тартиб ҳам ўзгача: асарлар биз одатланганимиздек эмас, балки бошқача жойлаштирилган. Ҳар бир унчур ўрта аср ақл-заковати намунаси.

Асрлар давомида ўзгармаган билим ўчоғининг аҳамияти йиллар ўтиб, янада ортган. Шу манзилда ишлаган, ўқиган, изланган инсонлар мажмуанинг бой тарихини яратганлар.
Ошённинг энг улкан ютуғи узлуксизлигида – ёпилмайди, ташлаб қўйилмайди, мудом нафас олади. Одамлар бу ерга ҳамон илм излаб келади.
BBC таърифлаганидек, Оксфорд кутубхонаси музлаган тарих эмас, вақт капсуласи: яшайди, гапиради, эшитади.

Бугунги рақамли дунёда бир тугмачани босиш билан минглаб китобни топиш мумкин. Бинобарин, бу кутубхонада бир асарга қўл теккизишнинг ўзиёқ бутун бир саёҳат.
Юқорида айтганимиз – занжирлар чеклов эмас, шунчаки эслатма: билим ҳар доим қадрланган. Беқиёс бойликни асраш учун эса инсон турли йўлларни танлаган.
Оксфорд зиё маскани бизга бир ҳақиқатни таъкидлайди: технология ўзгаради, давр алмашади, илмга эҳтиром абадий қолади.
Мусулмон Зиё, ЎзА