70 та мурожаат жойида ҳал бўлди
Вилоят марказидаги «Ўрда» боғида ташкил этилган ана шундай қабулда Жиззах шаҳри ва Фориш туманидан келган фуқароларнинг 290 та мурожаати ўрганилди.
Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси марказий муассасалар, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирокида оммавий қабул ўтказилмоқда.
Вилоят марказидаги «Ўрда» боғида ташкил этилган ана шундай қабулда Жиззах шаҳри ва Фориш туманидан келган фуқароларнинг 290 та мурожаати ўрганилди.
Сайёр қабулга келган шаҳарнинг Файзибод маҳалласи, Фазиобод кўчаси, 6-хонадонда яшовчи Шаҳноза Нишонова ҳам ўз мурожаати ҳал этилганидан хурсанд. Унинг ишга жойлашиш ҳақидаги мурожаати вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 2-сектор раҳбари Ғайрат Қодиров томонидан шу ернинг ўзида ҳал этилди.
– Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётибди, - дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова. – Шу масъулиятдан келиб чиқиб, вилоятдаги қабуллар давомида ҳар бир мурожаат қилувчининг муаммосига ўз вақтида ва оқилона ечим топилаётгани одамларнинг бугунги кунидан рози, эртанги кунга умид билан қарашига хизмат қилаётир. Агар бу жараённи икки-уч йил аввалги сайёр қабуллар даври билан таққослаганда ўзгаришлар айниқса яққол кўзга ташланмоқда. Масалан, бугун ишга жойлашишда ёрдам сўраб мурожаат қилган беш фарзандли бир аёлга шу ернинг ўзида пишириқ тайёрлайдиган печь берилди. Илгари бу масалани бундай тез ҳал этиб бўлмасди. Ҳозир давлатимизда шундай имконият бор.
Қабулда одамларнинг нафақат шахсий масалалари балки маҳалла, қишлоқ аҳли муаммоларини ҳал этиш бўйича мурожаатлар ҳам ижобий ечимини топди.

– Қишлоғимизда хонадонлар сони йилдан йил кўпайиб, электр трансфарматорнинг кучи етмай қолди, – дейди Фориш туманидаги Чорвоқ қишлоғи аҳолиси номидан келган қишлоқдаги 64-мактаб ўқитувчиси Сайфиддин Абдиев. – Муаммомиз сайёр қабул давомида ҳал этилди. Республика энергетика вазирлиги раҳбарларининг топшириғи билан бир соат ичида янги трансфарматор юклаган машина қишлоғимизга жўнатилди. Сайёр қабулларни жорий этиб, аҳоли муаммоларни ҳал этиш имкониятини яратиб берган ҳукуматимизга қишлоғимиз аҳли номидан миннатдорлик билдираман.
Шу кунги сайёр қабулда суд, ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, қурилиш ва бошқа масалалар бўйича 249 киши 290 та муаммоли масалалари юзасидан мурожаат қилди. Мурожаатнинг 41 тасини Ўзбекистон Республикаси Олий суди, 30 тасини Бош прокуратура, 19 тасини Ички ишлар вазирлиги, 32 тасини Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, 29 тасини Ҳудудий электр тармоқлари компанияси, 21 тасини вилоят хокимлиги, қолаганлари бошқа вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳам ўринбосарлари томонидан қабул қилинди.
Сайёр қабул давомида жами мурожаатларнинг 70 таси шу ернинг ўзида ечимини топди. Қолган барча масалалар бўйича қабул қилинган мурожаатларни бажариш муддатлари белгиланиб ижроси тегишли идоралар томонидан назоратга олинди.

Сайёр оммавий қабуллар давом этаётир.