Сирдарё вилоятида хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилган маҳалла марказларида бугунги кунга келиб 600 дан ортиқ аёл доимий иш ўрнига эга бўлди. Улар тикувчилик, қандолатчилик, фитнес ва ҳунармандчилик йўналишларида меҳнат қилиб, оилалари фаровонлигига ҳисса қўшишмоқда.
Жорий йилда вилоят бўйлаб 23 та янги марказ очиш режалаштирилган бўлиб, уларнинг 19 таси ёки 82,6 фоизи ўз фаолиятларини бошлаган. Қолган марказлар учун зарур инфратузилма яратиш ишлари олиб борилмоқда. 2023 йилда ташкил этилган 32 марказдан 27 таси барқарор ишлаётгани қайд этилди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раислигида ўтказилган йиғилишда мазкур марказлар фаолияти, аёллар бандлиги ва тадбиркорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Йиғилишда санитария ва хавфсизлик талабларига риоя қилиш, маҳсулот сифатини таъминлаш ҳамда фаолиятсиз бинолардан самарали фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.


– Маҳалла марказлари нафақат иш ўрни, балки юзлаб оилаларнинг турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Қарор қоғозда эмас, ҳаётда самара бериши керак. Ҳар бир туманда бу ўзгаришни одамлар ҳис қилиши лозим, – деди Эркинжон Турдимов.
Шунингдек, Гулистон, Боёвут, Сайхунобод, Оқолтин ва Ховос туманларида айрим бинолар негизида қўшимча ҳунармандчилик ва фитнес марказларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири