6 ойда болалар вакцинациясига 229 миллиард сўм сарфланиб, 1,4 миллион бола эмланган
Шу йилнинг ўтган олти ойи давомида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат сифатини ошириш борасидаги ишлар давлатимизнинг доимий диққат-эътиборида бўлиб келмоқда. Жамшид Қўчқоровнинг қайд этишича, ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 23 триллион сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,8 триллион сўм кўп маблағ йўналтирилди.
Бунда тиббиёт ходимларининг иш ҳақи ва ижтимоий солиқ тўловларига 16,3 триллион сўм, дори-дармон воситалари билан таъминлашга эса қарийб 1,7 триллион сўм маблағ ажратилди. Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига қарийб 18 триллион сўм бюджетдан трансфер ажратилди ва жамғарма фаолиятининг кенгайиб бориши хусусий тиббиёт муассасалари ривожланишига ҳам хизмат қилмоқда. Жамғарма томонидан 104 та хусусий тиббиёт ташкилоти билан шартномалар тузилиб, 48,5 минг нафар беморни даволаш учун 165 миллиард сўм йўналтирилди.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш дастурларига 822 миллиард сўм йўналтирилди. Болаларни вакцинация тадбирларига 229 миллиард сўм сарфланиб, 1,4 миллион нафар бола 13 турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари билан қамраб олинди.
Ҳисобот даврида 241 та тиббиёт муассасасида қурилиш ва таъмирлаш ишларига 716 миллиард сўм ажратилган.
М.Комилова, ЎзА